2024 йилда Қозоғистонда 12 минг километр йўл таъмирланиши режалаштирилган. Шу жумладан, 5 минг километр
республика тармоғига кирувчи ва 4 минг километр маҳаллий аҳамиятга эга йўллар
таъмири ва қурилиши давом этади. 2 минг километр узунликдаги янги автойўллар
фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги берган маълумотга
кўра, республикада йўлларнинг конструкциясини кучайтиришга мўлжалланган ўрта
тамир ишлари амалга оширилади.
Лаззат Стамғазиева, Қозоғистон
Республикаси Транспорт вазирлиги расмий вакили:
- Асосий йўлакларни реконструкциялашга
катта эътибор берилади. «Астана – Балхаш - Алмати», «Талдиқўрған - Ўскемен», «Ақтўбе
-Қандиағаш» ва «Атирау - Астрахань» йўлларида ишлар давом этади. «Қизил Ўрда - Жезқазған»
лойиҳасининг Улитау вилояти участкасида, «Ақтўбе – Қизил Ўрда» йўлининг Ақтўбе
– Улғайсин участкасида, Қизил Ўрда - Саксаул, Қарағанди - Жезқазған ва Сариағаш
айланма йўлида иш бошланади.
Шу билан бирга, Қозоғистон йўллари энди фақат мамлакат
ичида ишлаб чиқарилган материаллар билан таъмирланади. Уларнинг сифатини эса экспертлар текширади. Қозоғистон Йўл қурилиш илмий-тадқиқот институти, оммавий
ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари Ақтўбе вилоятидаги асфальт-бетон заводларини кўришди, улар
маҳсулотининг сифат ва меъёр стандартларига мослигини текширишди. Шунингдек,
минтақадаги карьерлар, лабораториялар, «Ақтўбе -Қандиағаш» автомобиль йўли
қурилишини кўздан кечиришди.
Мейрамгуль Қабдиғалиева, Қозоғистон Йўл қурилиш илмий-тадқиқот институти департаменти директори:
– Ўтган йилдан бошлаб институтимиз
мамлакатдаги барча тош карьерларини тадқиқ этиш билан шуғулланяпти. Дастлабки
маълумотга кўра, уларнинг умумий сони 842 та. Институтимиз вакиллари ҳозирча 8 та
минтақада бўлди, бу йил қолган 9 минтақани текширамиз. Мамлакатда ягона
йўл-қурилиш материаллари базаси яратилаяпти. Унда турли карьерларнинг
харитасини кўра оласиз.
Қайрат Мухамбетқалиев, Қозоғистон Йўл қурилиш илмий-тадқиқот институти янги технологиялар бошқармаси бошлиғи:
- Транспорт вазирлиги топшириғига
кўра, институтимиз махсус базага киритиладиган барча асфальт-бетон заводлари
инспекция қилинади. Уларнинг қуввати, самарадорлиги бўйича маълумот киритилди.
Инспекциядан кейин ҳар бир асфальт-бетон заводига махсус мақом берилади. Барча
талабларга мос, замонавий, ҳар жиҳатдан такомиллаштирилган корхоналарга,
асфальт-бетон заводларига 5 юлдуз берилади. Ва, албатта, уларда тегишли ижровий
ҳужжатларнинг барчаси мавжуд бўлиши шарт.
Умуман олганда, янги лойиҳаларнинг босқичма-босқич рўёбга
чиқарилиши, Қозоғистон транзит салоҳиятини
ривожлантириш ва транспорт инфратузилмасини
такомиллаштириш 2031 йилгача давом этади.
Абдумалик Сарманов таржимаси