Қозоғистонда болалар ўқиши учун олдиндан «Келешек» таълимий капитал тизими орқали маблағ йиғиб бориш таклиф қилинмоқда. Йиллар давомида тўпланган маблағ келажакда уларни коллеж ва олий ўқув юртларида ўқитишга сарфланади. Қозоғистондаги ва чет эллардаги билим масканларида. Агар бола грант ютиб олса, у ҳолда, жамғарилган суммадан фойдаланишнинг бир неча варианти таклиф қилинади. Бу пулларга уй-жой сотиб олиш, бошқа йўналишда ўқиш, ҳатто уни учинчи шахсга бериш мумкин бўлади. Мажилис ахборот, ижтимоий ривожланиш, маданият ва архив иши соҳаларидаги меъёрларни ортиқча истисноларсиз тартибга солишга доир айрим қонун ҳужжатларига ушбу ва бошқа ўзгартишларни биринчи ўқишда маъқуллади. Унинг кулуарларида тегишли муассаса вакиллари «Келешек» дастурининг бошқа жиҳатлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Талғат Ешенқулов, Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазири ўринбосари:
- «Келешек» тизими таълим олиш ҳамма учун тенг бўлишида қўшимча восита ҳисобланади, фақат олий эмас, касбий ва университетдан кейинги таълимда ҳам. Бола 5 ёшга тўлганида, мазкур жамғариб бориладиган ҳисоб очилган тақвим йилидан бошлаб, унга автоматик равишда давлат ажратган 60 ОҲК миқдоридаги пул тушади, бу барча тоифадаги болалар учун, ота-она васийлигисиз қолган болалар учун эса 120 ОҲК миқдорида. Давлат мукофоти 5-7 фоизга тенг.
Абдумалик Сарманов таржимаси.