Қозоғистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб сунъий идрок
тўғрисида қонун қабул қилди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан имзоланган
ҳужжат нейротармоқ технологияларидан фойдаланиш учун янги ҳуқуқий асосни
шакллантиради. Унда мамлакатда Сунъий идрокни ишлаб чиқиш ва қўллашнинг ягона
қоидалари кўзда тутилган. Қонун ишланма муаллифлари, тизимлар эгалари ва
фойдаланувчиларининг ҳуқуқ-мажбуриятларини аниқ белгилаб беради, шунингдек,
нейротармоқ яратган матнлар, тасвирлар, аудио-видеоматериалларга мажбурий белги
қўйишни талаб қилади. Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва муаллифлик ҳуқуқига
алоҳида эътибор қаратилган, сунъий идрок иштирокида яратилган асарлар инсон
ижодий улуши бўлган тақдирдагина муҳофаза қилинади. Шу билан бирга, СИ миллий
платформасини яратиш кўзда тутилган, у моделлар ишлаб чиқиш ва ўқитиш учун
асосий инфратузилмага айланади. Умуман, ҳужжат технологияларни хавфсиз жорий
этишга, уларни иқтисодий-ижтимоий соҳада ривожлантиришни рағбатлантиришга
йўналтирилган.
Серик
Бимендеев, Сунъий идрок ва маълумотларни бошқариш қўмитаси Давлат сиёсати
бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи:
— Биринчи навбатда, тизим эгалари ва
ишланма муаллифлари фойдаланувчиларни мазкур маҳсулот ёки хизматлар сунъий
идрок ёрдамида ишлангани ҳақида хабардор қилишга мажбур. Бундай белги махсус
машина кўмагида ўқиладиган шаклда қўйилади, шунда фуқаролар ва фойдаланувчилар
бу маҳсулот сунъий идрок ёрдамида яратилганини билиши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси

