Қозоғистон ва Эстония президентлари музокара ўтказди.
Алар Карис давлат ташрифи
билан мамлакатимизга келди. Ақўрдада тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, Эстония республикамизнинг муҳим стратегик ҳамкорларидан бири саналади.
Айтиш керак,
икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган.
Шундан бери Қозоғистон ва
Эстония ўртасида
шартномавий-ҳуқуқий база шаклланган ва кенгайтирилган,
иқтисодий шериклик бўйича
ҳукуматлараро комиссия ишлаб турибди. Ва ҳозирда мамлакатларнинг бир-бирига таклифлари бисёр.
Қозоғистон транзит қувватини тақдим эта олади,
Эстония эса истиқболли
денгиз портларини.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
— Сизнинг
ташрифингиз келгуси ҳамкорлик ва дўстлигимизга кучли туртки беришига ишонаман.
Дарҳақиқат, ўзаро савдода маълум бир тўсиқлар мавжуд, аммо, айни пайтда, ушбу
соҳада айрим ютуқлар ҳам бор. Биз Сизнинг денгиз портларингизга йўл очилишидан,
юртингиз билан савдодан, шунингдек, халқаро ташкилотларда, аввало, Бирлашган
Миллатлар Ташкилоти, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва бошқаларда конструктив
алоқаларни қўллаб-қувватлашдан жуда манфаатдормиз.
Алар Карис, Эстония Президенти:
— Бизнинг тадбиркорларимиз қўшма лойиҳаларни фаол
муҳокама қилмоқда. Бир неча учрашув режа қилинган, биз ўзаро англашув тўғрисида
бир қатор меморандумлар имзолаш ва анчагина ташаббусларни амалга оширишни
ўйлаяпмиз. Мен келажакка катта некбинлик билан қарайман ва умид қиламанки, янги
алоқалар шунга хизмат қилади. Албатта, ҳозирги геосиёсий вазиятни барқарор деб
бўлмайди, аммо биз юзага келадиган чорловларни биргаликда енгиб ўтишимиз даркор.
Сиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотини тилга олдингиз, бу, дарҳақиқат, муҳим
тузилма, шубҳасиз, дунёда зиддият ва урушлар камроқ бўлиши учун маълум
ислоҳотларга муҳтож.
Музокаралар икки давлат делегациялари иштирокида
кенгайтирилган таркибда давом этди. Томонлар иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли
йўналишларига алоҳида эътибор қаратди. Транспорт-логистика имкониятларидан ташқари,
бу савдо ва
инвестициялар,
рақамлаштириш,
саноат
кооперацияси,
қишлоқ хўжалиги,
ўта муҳим
минераллар, шунингдек,
таълим ва фан. 20 йил ичида Эстония Қозоғистон иқтисодиётига 128
миллион доллардан кўпроқ инвестиция киритган.
Жорий йилнинг
9 ойи мобайнида давлатлар
46 миллион долларга савдо қилган. Лекин салоҳият тўла очилмаган.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
— Мазкур ташриф Қозоғистон-Эстония ўзаро манфаатли
ҳамкорлигида янги саҳифа бошланмаси бўлади. Қозоғистон Эстонияга Балтика
минтақасидаги, умуман, Европа Иттифоқидаги ўта муҳим шерик ўлароқ қарайди. Эстониянинг
инновациявий ва гуллаб-яшнаётган давлат қуришдаги замонавий ютуқлари қойил
қолдиради. Эстония рақамли давлат, рақамли ҳукумат, рақамли жамият, очиқлик,
транспарентлик ва, умуман, фуқаролик иштирокини барпо этишда етакчи
ҳисобланади, яхши мисол бўла олади.
Бугун Қозоғистонда 80 дан ортиқ эстон компанияси ишлаб турибди.
Айни вақтда,
эстониялик тадбиркорлар республикамиз билан ҳамкорликка тобора кўпроқ қизиқиш
билдирмоқда. Астанага йирик бизнес-делегация ташриф буюрган, булар
– ахборот-коммуникация технологиялари, киберхавфсизлик,
логистика ва албатта, транзит соҳасидаги компаниялар. Жорий йилда Қозоғистон Эстония денгиз портлари орқали
200 минг тоннадан зиёд дон экспорт қилди.
Эндиги мақсад – кўрсаткични 10 марта ошириш. Музокаралар
якунига кўра, Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Алар Карис Қўшма баёнот қабул қилди.
Алар
Карис, Эстония
Президенти:
— Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг муҳим иқтисодий
ҳамкоримиз. Ва Эстония мамнуният билан сиз учун Европа бозорига дарвоза
бўлади. Сиз эслатиб ўтган транзит ва логистикадан ташқари,
эстон бизнеси вакиллари
Қозоғистонга
сармоя киритишга, Қозоғистонда савдо-инвестиция имкониятларини ўрганишга
тайёрлигини билдирмоқда.
Бундан ташқари, томонлар таълимда ҳам ўзаро шерикликни ошириш ниятида.
Бир қатор келишув ва меморандумлар имзоланди. Шартномалар доирасида Қозоғистоннинг 10 та
университети ва Эстониянинг 6 та университети ўртасида талабалар, ўқитувчилар
алмашинуви, ўзаро тажриба бўлишиш режалаштирилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

