Жорий йилда қишлоқ хўжалигига 600 миллиард тенгедан кўпроқ инвестиция йўналтирилган

Жорий йилда қишлоқ хўжалигига 600 миллиард тенгедан кўпроқ инвестиция йўналтирилган

Қозоғистонда 2021 йилда қишлоқ хўжалигига 600 миллиард тенгедан зиёд маблағ киритилган. Йил давомида ушбу секторга йўналтирилган маблағлар миқдори деярли 50 фоизга ошган, деб хабар беради Ранкинг.кз. Умуман, статистикага кўра, сўнгги беш йилда соҳага инвестициялар йилига ўртача 24 фоизга ўсди. Агросаноат субъектларини қўллаб-қувватлашда имтиёзли кредитлар ва давлат кўмагининг бошқа турлари асосий роль ўйнайди. Масалан, давлат молиявий институти Аграр кредит корпорацияси биргина 2020 йилда умумий миқдори 46 миллиард тенгега яқин бўлган 75 та инвестициявий лойиҳани молиялаштирган. 2021 йилда 7 мингдан ортиқ тадбиркорлар 209 миллиард тенге ҳисобида молиявий кўмак олган. Маблағлар баҳорги дала юмушлари, техника, қорамол хариди, ишлаб чиқариш ва оилавий сут-товар фермалари барпо этиш, иссиқхона қуриш, томчилатиб суғориш тизимини сотиб олиш ва бошқаларга сарфланган.

Хуршида Абдуллаева таржимаси