Қозоғистон ва Озарбайжон бизнес-форумида 16 та меморандум имзоланди

Қозоғистон ва Озарбайжон бизнес-форумида 16 та меморандум имзоланди

Астанада бўлиб ўтган Қозоғистон ва Озарбайжон бизнес-форумида тадбиркорлар ҳамкорлик бўйича 16 та меморандум имзолади. Улар саноат, рақамли технологиялар, логистика, таълим соҳаларини қамраб олган. Асосий йўналишлардан бири: экспортни қўллаб-қувватловчи миллий ташкилотлар - Қозоғистондаги  QazTrade ва  Озарбайжоннинг AZPROMO ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик. Томонлар учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш масаласида қўшма лойиҳалар билан шуғулланади.

Айтмухаммед Алдажаров, «Qaztrade» савдо сиёсатини ривожлантириш маркази Бош директори:

- Қозоғистон сифатли қишлоқ хўжалиги товарлари, қайта ишланган маҳсулотлар юборади, биргаликда қадоқлаш, сақлаш ва учинчи давлатларга реэкспорт билан шуғулланади. Биз Озарбайжонни фақат савдо ҳамкори эмас, стратегик, логистик ва қайта ишлаш хаби сифатида кўряпмиз. Иккинчи йўналиш – саноатда ҳамкорлик. Қадоқлаш маҳсулотларини қайта ишлаш, машинасозлик ва енгил саноатда қўшма корхоналар яратиш бўйича катта салоҳият борлиги сир эмас.

Бундан ташқари, Озарбайжон томони ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятида. Туристик сектор, транспорт ва логистикада ҳам катта истиқболлар кузатиляпти. Хитой, Қозоғистон ва Озарбайжонни Европа бозорлари билан боғловчи Транскаспий ёки Ўрта йўлак бизнесменлар назарида катта фойда келтиради. Шунингдек, тегишли шартномалар товар айланмасини ошириш, Евроосиёдаги асосий ҳамкорлар билан келишувларга эришишда ёрдам беради. Таъкидлаш лозимки, ўзаро савдо кенгайиб боряпти. Жорий йилда у 500 миллион доллардан ошди. Кўплаб иштирокчилар алоқаларни кенгайтириш ниятини билдирди. Бизнес форумда 100 тадан зиёд компания қатнашди.  

Юсиф Абдуллаев, Озарбайжон экспорт ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги - Azpromo ижрочи директори:

- Бу ерда ҳам кооперация имкониятлари катта, шунинг учун логистика компаниялари ҳам қатнашяпти. Албатта, портлар бунда катта ўрин тутади. Бу йўналишда ҳамкорлик жуда муҳим. Ўзаро чегарамиз Каспий денгизи орқали ўтган. Бизнинг Алят портимиз кенгайтирилади ва товар айланмаси 15 миллиондан 20 миллион долларгача ортади.

Абдумалик Сарманов таржимаси