Биринчи ярим йилликда Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,1 фоизга ўсди. Бугун Қозоғистон Бош вазири Ўлжас Бектенов Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга Қозоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари тўғрисида ҳисобот берди. Қайта ишлаш саноати, транспорт, қурилиш, савдо ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ўсиш драйверлари бўлди. Асосий капиталга киритилган инвестиция ҳажми 9,5 триллион тенгега етди. Бош вазир йил охиригача 200 тага яқин янги лойиҳа, қурилиш соҳасида 20 миллион квадрат метр уй-жой ишга туширилишини маълум қилди. Президентнинг рақамлаштириш ва миллий сунъий идрок инфратузилмасини ривожлантириш бўйича топшириқларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўлжас Бектенов "Маълумот марказлари водийси" лойиҳаси бўйича ахборот берди. Президентга қонунчиликни янги Конституцияга мувофиқлаштириш, "Адолатли Қозоғистон" ва "Қонун ва тартиб" тамойилларини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари ҳақида маълумот тақдим этилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатнинг жадал ривожланишини таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттириш, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

