Жорий йилда Қозоғистон Республикасининг Жетису вилоятида 4 та янги гидроэлектростанция ишга тушади. Уларнинг умумий қиймати 21 миллиард тенгега тенг. Ҳозир минтақада «яшил энергетика» мажмуавий дастури рўёбга чиқариляпти. Тикланувчи энергия манба иншоотларидан бири Басқан дарёси соҳилида қурилади. Янги ГЭС йилига 54 миллион киловатт-соат электр қуввати бериши мўлжалланган. Лойиҳага кўра, ГЭС сувидан ирригация мақсадида ҳам фойдаланилади. Шу каби станциялар яна икки туманда қуриляпти.
Ермек Қалиев, ГЭС муҳандиси:
– «Басқан-1» ГЭСи 2015 йил декабрида фойдаланишга топширилганди. Сув олинадиган тугун мавжуд, иншоот билан боғлиқ ҳужжатларнинг ҳаммаси қўлимизда.
Ануарбек Тукенов, Жетису вилояти энергетика ва уй-жой-коммунал хўжалик бошқармаси мутахассиси:
– Бу эса қурилаётган «Басқан-2» ГЭСи, юқорида «Басқан-1» ишлаяпти, қуйида «Басқан-3», «Басқан-4» ва «Басқан-5» бунёд этилади. ГЭС жорий йилнинг август ойида ишга тушиши кутиляпти. Унинг қуввати 10 мегаватдан кўпроқ...
Ҳозир вилоятда сув, шамол, қуёшдан фойдаланувчи 15 та тикланувчи энергия манбалари объектлари ишлаб турибди. Келгуси икки йилда яна 7 та ТЭМ станцияси иш бошлайди. Таъкидлаш лозимки, табиат учун зарарсиз бўлган бу иншоотлар минтақада ишлаб чиқарилган электроэнергия умумий ҳажмидан 75 фоизини беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.