Қозоғистон Президенти маданият ва санъат ходимларини тақдирлади

Қозоғистон Президенти  маданият ва санъат ходимларини тақдирлади

Ақўрдада маданият ва санъат ходимлари тақдирланди. Қозоғистон Президенти тантанали тадбир иштирокчиларини касб байрами билан табриклади. У маданият қозоқ халқининг миллий ўзига хослиги ва маънавиятининг асоси эканлигини кўрсатиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев бугунги кунда Қозоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад мамлакатни кучли, илғор давлатга айлантириш ва иқтидорли ёшларга шароит яратиш эканини таъкидлади. Конституциявий ислоҳот ҳам шунга қаратилган. Давлатимиз раҳбари янги Бош қомусда тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш бўйича муҳим меъёр кўзда тутилганини тилга олди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Фақат ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда 61 та маданият объекти қурилди, 250 тадан зиёд муассасада таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 2025 йилда, Президент фармонига кўра, бир вақтнинг ўзида учта музейга «миллий» мақоми берилди. Бу ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилади. Қисқа вақт ичида Максим Горький номли Давлат академик рус драма театри ва Еркеғали Раҳмадиев номли Давлат академик филармониясига «миллий,» Собит Муқонов номли вилоят қозоқ мусиқали драма театрига «академик» мақомларини бериш лозим, деб ҳисоблайман.

Президентнинг фикрича, анъанавий санъат, айниқса, жиров, терма ва куйчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қозоғистонда истеъдодли арбобларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодини тарғиб қилиш учун янги «Asil мұra» миллий мукофоти жорий этилади. Мамлакатда китобхонликни оммалаштириш бўйича ҳам катта ишлар амалга ошириляпти. Яқинда Президент мутолаа маданиятини ривожлантириш, китобхон миллатни шакллантириш тўғрисида Фармонни имзолади. Ҳукуматга кутубхона ва китоб нашриётини қонунчилик йўли билан қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилди. «Китобхон миллат» концепцияси тасдиқланади ва «10 нафар йил китобхони» республика лойиҳаси амалга оширилади, ягона кириш ҳуқуқига эга Миллий рақамли кутубхона платформаси ишга туширилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Олтин Ўрда бўйича халқаро симпозиум бўлиб ўтганини алоҳида таъкидлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Июнь ойининг биринчи ўн кунлигида ялпи рақамлаштириш ва сунъий интеллект даврида тарихий-маданий, ҳужжатли меросни сақлаш масалаларига бағишланган III Архив ходимлари конгресси бўлиб ўтади. Ўзининг ранг-баранглиги ва бағрикенглиги билан бетакрор бўлган маданиятимизни тарғиб қилиш Қозоғистоннинг Евроосиёда муҳим ўрин эгаллаган ва ушбу субконтинентда кенг қамровли хавфсизлик тизимини яратиш тарафдори бўлган тараққийпарвар, тинчликсевар давлат сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.

Мамлакат маданияти бугунги кунда глобал миқёсда фаол тарғиб қилинмоқда. Маҳаллий санъаткорлар, рассомлар, мусиқачилар, режиссёрларнинг ёрқин асарлари ва истеъдодлари туфайли бунга эришиляпти. Давлат раҳбари «Silk Way Star» халқаро мусиқа танловини «замонавий маданий дипломатия намунаси», деб атади. Тадбир мамлакатимизнинг хориждаги энг таниқли ва оммабоп медиа лойиҳаларидан бирига айланди. У Қозоғистон Президенти Телерадиокомплекси ва China Media Group медиа корпорацияси ўртасидаги келишув доирасида амалга оширилди. Қозоқ маданиятининг хилма-хиллиги ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро алоқаларини очиб беради. Мамлакатимиз ЮНЕСКО рўйхатига киритилган объектлар рўйхатини кенгайтириш ниятида. Анжуман сўнгида Президент мамлакат маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган истеъдодли санъаткорларга юксак давлат мукофотларини топширди.

Абдумалик Сарманов таржимаси