Қамбар Ота ГЭСи қурилиши борасида шартнома тузилади

Қамбар Ота ГЭСи қурилиши борасида шартнома тузилади

Қозоғистон Қирғизистонда қуриладиган Қамбар Ота гидроэлектрстанцияси қурилишида иштирок этади. Эслатамиз, президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ўтган йил май ойида Бишкекка қилган расмий ташрифи давомида бу борада келишувга эришилганди. Давлатимиз раҳбари ўша пайтда таъкидлагани каби, мазкур ГЭС ишга туширилиши Марказий Осиё давлатларининг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлашга имкон беради. Бугунги кунда Қозоғистон трансчегаравий дарёлар сув захираларидан ўзаро манфаатли фойдаланиш учун қўшма гидроэнергетика лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Республика Энергетика вазирлиги маълум қилишича, мамлакатимиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон объект барпо этилиши хусусида шартнома тузади. Лойиҳани рўёбга чиқариш учун томонларнинг ҳиссадорлик иштироки асосида алоҳида акционерлик жамияти ташкил қилинади. Тегишли ҳужжат Бишкекда имзоланиши кўзланган.

 

Берден Оспан, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги департаменти бошқарма раҳбари вазифасини бажарувчи:

- Лойиҳани молиялаштиришдаги асосий манбалар компания муассисларининг шахсий маблағлари ҳисобланади. Муассислар, шунингдек,  халқаро молиявий тузилмалар билан тижорат банкларини таклиф қилиш ҳуқуқига ҳам эга. 1860 МВт қувватга эга Қамбар Ота ГЭС-1 қурилиш лойиҳаси доирасида  баландлиги 256 метрга тенг бўлган тўғон барпо этилиши кўзда тутилган.

 

Айтиш жоиз, прогнозларга кўра, Норин дарёсида қад ростлайдиган Қамбар Ота ГЭС-1 қурилиши 10 йил вақт талаб қилади. Биринчи гидроагрегатни тўрт йилдан кейин топшириш режа қилинган. Бундан ташқари, лойиҳада сув омбори бунёд этилиши ҳам кўзда тутилган. Ҳар йили станция беш ярим миллиард кВт/соат энергия ишлаб чиқаради.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.