Пойтахтда миллий тасвирий санъат кўргазмаси очилди

«Дашт тасвирий санъати: тимсоллар, бўёқлар, образлар». Астанада Миллий музейнинг 10 йиллигига бағишланган кўргазма очилди. Экспозицияда қозоқ миллий тасвирий санъатининг энг ёрқин дурдоналари намойиш  этиляпти. Қозоғистоннинг номи афсонага айланган рассомлари ва замонавий иқтидорли муаллифлар асарлари тақдим этилди. Жами 250 полотно намойиш қилиняпти. Шунингдек, халқ амалий санъати ва миллий мусиқа асбоблари ҳам кўргазмага қўйилган.

Айбек Сидиқов, Қозоғистон Республикаси Миллий музейи директори вазифасини бажарувчи:  

- Миллий музейда 14 коллекция ва 200 миндан зиёд экспонат бор. Уларнинг ҳаммасини экспозиция майдончасига чиқара олмаймиз. Шунинг учун мавзуга оид қўргазмаларда Астана аҳли ва меҳмонларига уларнинг бир қисмини тақдим этамиз.

Ольга Батурина умрини тасвирий санъатни ўрганишга бахшида қилган. 30 йилдан буён у олий таълим даргоҳида ишлайди, қозоқ тасвирий санъати билан шуғулланаётган санъатшуносларнинг бир неча авлодига дарс берди. Бу кўргазмадаги биринчи экскурсияни олиб бориш шарафи айнан унга насиб этгани ҳам бежиз эмас.

Ольга Батурина, кўргазма куратори:

- Мана, ҳақиқий, аутентик, қозоқ санъати. Унда ўзига хос оҳангдорлик уфуриб туради. Қозоқ тасвирий санъатининг ҳар бир дурдонасида, қозоқ амалий декоратив санъатида бу нарса яққол сезилади. Бундаги ҳар бир асар аҳамиятга эга. Ҳар бир муаллиф ўз изини қолдирган, ҳар бири иқтидорли. Улар жанр, услубга кўра фарқ қилади. Уларда дашт образи, ота юрт образи, оила ва болалик образи, табиат образи яққол сезилади. Чунки пейзаж асарларда қозоқ фалсафаси ва руҳияти мавжуд. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.