Астанада бўлиб ўтадиган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида жамби ату бўйича Қозоғистон шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар аниқланди. Республиканинг энг кучли 10 нафар спортчиси ичидан от устида камон отувчи 4 атлет саралаб олинди. Йўлланмага эришиш учун камончилар венгер, Осиё, турк услублари ҳамда жамби услубида куч синашишди. Ҳозир спортчилар ўқув машқларида қатнашяпти, унинг охирги босқичи 27 августдан 7 сентябргача Астана шаҳрида ўтказилади.
Ералхан Айкўз, жамби ату бўйича миллий терма жамоа аъзоси:
– Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида қатнашишни орзу қилгандик. Саралаш мароқли ўтди. Биз ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз, ғалаба учун бор кучимизни берамиз.
Елдос Бадашев, жамби ату бўйича миллий терма жамоа бош тренери:
– Тайёргарлик ишлари юқори даражада ўтказиляпти. Биз мураккаб беллашувларга 70-80 фоиз тайёрмиз, лекин ҳали кўп ишлаш керак. 4 нафар спортчимиз V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида қатнашиш учун йўлланма олди, улар билан фаол ишлаяпмиз. Чунки бу мусобақаларни миллий спорт турлари бўйича Олимпиада билан тенг, деб ҳисоблаймиз.
Таъкидлаш лозимки, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари 8-13 сентябрь кунлари Қозоғистон пойтахтида ўтказилади. Тадбирларда икки минг нафар спортчи қатнашиши, 21 спорт тури бўйича 97 та медаль жамламаси ўйналиши кутиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.