Қурултой депутатлари сайловида иштирок этиш учун партия рўйхатларини рўйхатга олиш маррага яқинлашди. Бу жараён 23 июль куни соат 18:00 да расман якунланади. Бугунги кунда Марказий сайлов комиссияси еттита – "Адолат," "Respublica," "Aқ жўл," "Aул," "Байтақ", Умуммиллий социал-демократик партия ва Қозоғистон Халқ партияси кабиларнинг рўйхатини кўриб чиқди. Қозоғистон Халқ партияси 72 нафар номзодни илгари сурди. Уларнинг 42 фоизини аёллар, ёшлар ва имконияти чекланган шахслар ташкил этади. Квота бўйича қонунчилик талаблари тўлиқ бажарилди. МСК барча номзодлар Конституция ва "Сайлов тўғрисида"ги қонун талабларига мувофиқлиги бўйича текширувдан ўтганини маълум қилди. Бундан ташқари, Халқ партияси аввалги Мажилис сайловларида беш фоизлик тўсиқдан ўтгани сабабли сайлов бадалини тўлашдан озод этилган.
Нурсултан Шўқанов, Қозоғистон халқ партияси раиси:
- Рўйхатимизда Қозоғистоннинг деярли барча муҳим соҳалари мутахассислари бор. Популист назариётчилар эмас, юқори даражали билим ва малакага эга амалиётчилар! Улар орасида фан докторлари, магистрлар, профессорлар, хизмат кўрсатган ўқитувчилар, Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоблар, фахрий қурувчилар, фахрий ҳуқуқшунослар, давлат мукофотлари лауреатлари, давлат мукофотлари соҳиблари, "Қозоғистоннинг 100 та янги юзи" лойиҳаси иштирокчилари бор.
Қозоғистоннинг "Байтақ" яшиллар партиясидан Қурултой депутатлигига номзодлар сони ҳам маълум бўлди. Сиёсий бирлашма номидан 47 киши бўлажак сайловларда қатнашади. Саккизинчи чақириқ Мажилис депутатлари сайловида икки фоиздан зиёд овоз олган сиёсий кучлар учун имтиёзли тўлов миқдори назарда тутилган. Шу сабабли, Марказий сайлов комиссияси маълум қилишича, партия бадалнинг 70 фоизини тўлади.
Азаматхан Амиртаев, «Байтақ» Қозоғистон яшиллар партияси раиси:
- Партия рўйхатида 18 нафар номзод - аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бор, улар биргаликда 38,3 фоизни ташкил этади. Белгиланган квота сақлаб қолинди. Партия рўйхатига киритилган шахслар Конституция ва "Сайлов тўғрисида"ги Конституциявий қонун талабларига жавоб беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

