Жўжи сулоласи ҳақидаги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Шибон сулоласидан чиққан Абулхайрхон қозоқ давлатчилиги асосчиларидан бири бўлган. Жўжихон улусининг 800 йиллигини нишонлаш доирасида тадқиқот гуруҳи томонидан тайёрланган илмий асар муаллифлари шундай фикрда. Жамоанинг «Шибонийлар сулоласи Қозоқ хонлиги тарихида» асари пойтахтда тақдим этилди. Китобда қизиқарли тарихий фактлар келтирилган. Нуфузли уруғ асосчиси – Жўжининг кичик ўғли Шибон ҳозирги Атирау вилояти ҳудудида дунёга келган, Тобол дарёси соҳилида хон этиб сайланган, қабри эса кўҳна Сиғаноқда. Дарвоқе, шу ва бошқа маълумотларни олимлар гуруҳи қадимий архив материаллари ва XV-XVI асрларга доир хариталарни ўрганишга бағишланган кўп йиллик машаққатли меҳнат самарасида тўплаган. Асар қозоқ ва рус тилларида китобхонларни кутмоқда.


Буркитбай Аяған, тарихчи, жамоавий монографииянинг илмий раҳбари:

- Шибонийлар сулоласидан бўлган Абулхайрхон ҳозирги Қозоғистон ҳудудида туғилган ва шу ерда яшаган. Мазкур нашрни тайёрлашда маҳаллий тарихчи олимлар билан биргаликда татар, рус, ўзбек ва тожик тадқиқотчилари ҳам иштирок этди. Кўп сонли таҳлилларга асосланиб, улар бир фикрда якдил, бу ҳукмдор Қозоқ хонлигини шаклланишига тўғридан-тўғри алоқадор. Маълумки, кейинроқ Абулхайрхоннинг фарзандлари – Муҳаммад ва Маҳмуд Ўзбекистон ҳудудига кўчиб борган ва ўша ерда давлат тузган.


Бу каби тадқиқотлар аҳамиятини баҳолаш қийин. Тарихий меросни англаб етиш ва сақлаб қолиш миллий идентификацияни мустаҳкамлашга имкон яратади. Давлат раҳбари яқиндагина «Egemen Qazaqstan» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтганидек, жорий йилда Жўжихон улуси шаклланганига 800 йил тўлади. Юбилей санаси муносабати билан мамлакатимизда йирик тадқиқот фаолияти олиб бориляпти. Шунингдек, жорий йилда Қозоғистон тарихи бўйича кўптомли асарларни тайёрлаш ниҳоясига етади. Ҳозирда унинг устида 200 дан ортиқ маҳаллий олим ва 60 га яқин чет эллик мутахассис иш олиб бормоқда.


Хуршида Абдуллаева таржимаси.