Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоғистонликларни Пойтахт куни билан табриклади. Президент жорий йилда мазкур байрам Дўмбира куни билан бирга нишонлангани рамзий маънога эканлигини кўрсатиб ўтди. Унинг таъкидлашича, мазкур мусиқа асбоби Буюк Даштнинг минг йиллар давомида шаклланган маданий мероси тимсоли, Астана эса замонавий тараққиёт ва келажакка интилишни ўзида акс эттирган. Қосим-Жўмарт Тўқаев пойтахт бугунги Қозоғистоннинг брендига ва глобал мулоқот, тинчликпарвар ташаббуслар халқаро майдончасига айланганини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бугунги кунда пойтахт мамлакатимизнинг жамоат, сиёсат ва тадбиркорлик ҳаёти марказига айланди, унда юрт тақдирини ҳалқ қилувчи қарорлар имзоланади, энг жасур ғоя ва орзулар рўёбга чиқади. Унда билим ва меҳнатга ихлос, умуммиллий тотувлик ва бирлик шаклланган. Пойтахт туб ўзгаришлар ва кенг кўламли ислоҳотлар марказида. Адолатли, Мусаффо ва Кучли Қозоғистон барпо этишда у пешқадамлигини сақлаб қолишига, барчага ижобий таъсирини кўрсатадиган янги ташаббуслар макони бўлишига ишонаман. Севимли шаҳримиз гуллаб-яшнасин, янада чиройли бўлсин! Барча юртдошларимизга саломатлик, бахт ва фаровонлик тилайман!
Куни-кеча Давлат раҳбари Дўмбира миллий куни билан ҳам табриклаганди. Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида Қосим-Жўмарт Тўқаев дўмбира қозоқ халқининг руҳи ва бебаҳо бойлиги эканлигини ёзди. «Қозоқ асли қозоқ эмас, асл қозоқ – дўмбира». Бу чолғу асбоби йил сайин тобора кўпроқ ёшлар орасида оммалашиб боряпти.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ёшлар бизнинг асл маданиятимизга сингиб боряпти, халқ анъаналарини ҳурматлаяпти. Бу эса қувонтирмай қолмайди, чунки буюк аждодларимизнинг ижодий меросига бўлган ҳурмат ватанпарварликнинг узвий қисми. Ўз юртини сидқидилдан севиш эса давлатчилигимизнинг пойдевори. Қозоғистон ёшлари буни тушуниши ва қўллаб-қувватлаши қувончли ҳолат. Давлат маданият соҳасини ҳар томонлама ривожлантиради. Анъанавий санъат усталари эъзозланяпти: Қайрат Байбўсиновга «Қозоғистон меҳнат қаҳрамони», Айгуль Улкенбаева, Айгуль Қўсановага «Қозоғистон халқ артисти» унвони берилди. Муқаддас дўмбирамизни дунё бўйлаб оммалаштираётган барча одамларга миннатдорчилик билдираман.
Абдумалик Сарманов таржимаси

