Ўзбекистон олимлари коронавирусга қарши «истеъмол қилинадиган помидор» кўринишидаги вакцина кашф этди. Экспертлар COVID-19 генини пахта ва тамакига ҳам киритишга уриниб кўрган. Шу тариқа ўсимликларни ўзгартиришга ҳаракат қилинди. Энг яхши натижа помидорларда кузатилган.
Забардаст Бўриев, Ўзбекистон фанлар академияси геномика ва биоинформатика маркази директори:
– S-оқсилини клонлаштирдик, у коронавируснинг бир қисми ҳисобланади, уни помидорга киритдик. Нега помидор танланди? Чунки уни қовурмасдан ҳам истеъмол қилиш мумкин. У ошқозон-ичак тизимига киради. Ички органларимизда жуда кўп макрофаг мавжуд, улар мазкур моддани сўриб олади ва иммунитет яратади.
Ҳозирча мазали вакцина қанчалик самара бериши номаълум. Уни одамларга бериш қанчалик мақбуллиги ҳам. Ҳозирча клиникагача бўлган синовлар ўтказиляпти. Синов жараёнлари учун 2-3 йил вақт кетиши мумкинлиги айтилди.
Забардаст Бўриев, Ўзбекистон фанлар академияси геномика ва биоинформатика маркази директори:
– Одатда помидор ўсиб боради. Меваси етилгунича 3 ойгача вақт керак бўлади. Ҳозир одамлар жуда кўп саволлар беряпти. Улар қандай ишлатамиз, бу помидор далада ўсадими, зарари йўқми, деяпти. Ҳаммаси назорат остида бўлади. Махсус плантация яратилади. Бу плантацияларда дастлабки клиник синовлар ўтказилади. Помидор дозаси аниқланади. Яъни қанча истеъмол қилиш зарурлиги белгилаб олинади. Қайси вақтда ва қанча ейиш кераклиги белгиланади.
Таъкидлаш лозимки, турли мамлакатларда тадқиқотчилар «истеъмол қилинадиган» вакцина устида ишлаяпти. Россия ва Канадада сут ва сули маҳсулотлари асосида тайёрланган препаратлар кашф этилди. Лекин улар ҳозирча оммавий ишлатилмаяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси