Қозоғистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ўсиши барқарорлашди. Республика бош вазири раислигида ўтказилган ҳукумат йиғилишида санитар-эпидемиологик вазият кўриб чиқилди. Таъкидлаш жоизки, вирус репродуктивлиги индекси бирмунча пасайди ва 0,98ни ташкил қилмоқда. Касалхоналардаги жойларнинг 42 фоизи, жонлантириш бўлимларининг 28 фоизи банд. 9 минтақа: Нур-Султон, Алмати ва Чимкент шаҳарлари, Ғарбий Қозғистон, Ақмўла, Қарағанди, Қизил Ўрда, Павлодар ва Жамбил вилоятлари «қизил зона»да. Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цойнинг таъкидлашича, коронавирусга қарши вакцинация суръатлари ортиб боряпти. Препарат режага мувофиқ етказиб бериляпти. Минтақаларга 2,3 миллион зардоб дозаси жўнатилган. Биринчи компонентни салкам бир ярим миллион, иккинчисини 350 минг қозоғистонлик олиб улгурди. Бу эса эмланиши лозим бўлган аҳолининг 15 фоизи.
Алексей Цой, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
- 1 апрель билан таққослаганда кунлик биринчи ва иккинчи доза билан эмланиш 12 марта ошди, 11 мингдан 135 минггача етди. Бу иш билан 11 минг тиббиёт ходими шуғулланяпти, 1000 дан зиёд стационар ва 400 кўчма эмлаш пунктлари ишлаяпти. Вакциналаш пунктлари дам олиш кунлари ҳам 2 сменада, 24:00 гача ишлаяпти. Вакцинация кампанияси бошланганидан буён коронавирусга қарши 1,8 миллион зардоб дозаси ишлатилди.
Соғлиқни сақлаш вазири маълум қилишича, тўлиқ вакцина олган фуқаролар ҳар қандай шифохонага ётқизилганида, таътилдан қайтганида ва тузалиб чиққанидан кейин ПЗР-тест топширишдан озод қилинади. Шу билан бирга Алексей Цой қишлоқ аҳолисини эмлаш зарурлигига эътибор қаратди. Бунинг учун кўчма тиббий мажмуалардан фойдаланилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси