Қозоқ заргарлик буюмлари хорижда ҳам катта талабга эга. Чет элликларни асосан миллий услубда яратилган буюмлар қизиқтиради, дейди заргар Берик Алибай. У Карл Фаберже халқаро ордени соҳиби бўлган. Ёрқин ва ўзига хос ижод намуналари кўп давлатларда қадрини топган. Берик Алибай ўзининг уй-музейида қозоқ халқининг қимматли этнографик осори-атиқалари коллекциясини тўплаяпти.
Берик Алибай, заргар, Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб, Карл Фаберже халқаро ордени соҳиби:
– Қозоғистонга қозоқ этнографиясини кўриш, халқнинг, мамлакатнинг тарихи, қадимий урф-одатлари билан танишиш учун хориждан кўп сонли меҳмонлар, делегациялар келади. Улар эркаклар ва аёлларнинг тақинчоқларини олишни исташади.
Давлат даромадлари қўмитаси берган маълумотга кўра, ўтган йили 8 миллион долларга 200 килограмм заргарлик буюмлари экспорт қилинди. Қозоғистон дунёда кумуш қазиб олиш бўйича иккинчи ўринда, олтин қазиб олишда илғор ўнликка киради. Соҳани ривожлантириш имкониятлари катта. Заргарлик креатив саноат турларидан бири. Бундан ташқари, мамлакатда тақинчоқларни рақамли тамғалаш оқибатида уларнинг сифати ошиши кутиляпти. Бугунги кунда соҳа мутахассислари тайёрлаш учун шароитлар яратиляпти.
Мўлдир Тўпанова, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазирлиги бошқармаси бош эксперти:
– «Тау-Кен Алтин» корхонасида соҳани ривожлантириш мақсадида мамлакат заргарлари учун 300 килограмм олтин харид қилиш имкони берилган. Ушбу квота доирасида 2023 йилдан буён заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар ҚҚС тўламайди. Ички бозорда кумушдан ясалган заргарлик буюмлари тамғаланмасдан ҳам сотилиши мумкин. Вазирлик мамлакатдаги ишлаб чиқарувчилар олтин харид қилиши учун имтиёзлар жорий этиш устида ишлаяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси

