Ақмўла вилоятида ёшларнинг ХІI «Айбин»
халқаро ҳарбий-ватанпарварлик йиғини бўлиб ўтди. Қозоғистон Президенти
иштирокчиларни мусобақалар
муваффақиятли якунлангани билан табриклади. Қосим-Жўмарт Тўқаев бундай
тадбирлар ёш авлод руҳини чиниқтириши, уларда ватанпарварлик туйғусини тарбиялашини таъкидлади. Кенг
кўламли танлов мамлакат учун муҳим даврда ўтказилди: март ойида Қозоғистоннинг
янги Конституцияси қабул қилинди, у 1 июлдан кучга киради.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
–
Халқимизнинг орзу-интилишлари акс
этган Асосий Қонунимиз, аввало, ёш авлод манфаати йўлида қабул қилинган.
Ҳар қандай мамлакатнинг келажаги сиз каби ватанпарвар, билимли, меҳнатсевар,
бунёдкор ва жасур ёшлар қўлида. Янги авлоднинг интилувчан вакиллари Қозоғистон нуфузини
мустаҳкамлайди, тараққиёт сари етаклайди. Сизга боғлаган умидларим катта.
Давлат раҳбари Қозоғистон ёшларнинг ҳар томонлама
ривожланишига катта аҳамият беришини таъкидлади, «Жас сарбаз» ҳаракатининг муҳим ролини қайд этди. У бутун мамлакат бўйлаб 280 минг нафардан зиёд мактаб ўқувчилари ва
талабаларни бирлаштирган. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг сўзларига кўра, бундай ташаббуслар ёшларда
қадриятлар тизимини шакллантиришга ёрдам беради. «Айбин» халқаро йиғини
дастурига ҳарбий-спорт, интеллектуал, ижодий ва ҳарбий-амалий мусобақалар
киритилган. Бу йил анжуман Қозоғистон ҳудудлари, шунингдек, Озарбайжон, Қирғизистон, Россия ва
Ўзбекистондан келган 50 тадан зиёд жамоани бирлаштирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Шу кунларда сиз дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликнинг энг юксак намунасини кўрсатдингиз. Шундай давом этинг! Совринли ўринларни эгаллаган жамоаларни самимий табриклайман! Фаол ёшларнинг ғайрати ва ягона майдондаги ҳамжиҳат фаолияти давлатларимиз ўртасидаги шериклик ва ўзаро ишончни чуқурлаштиришга кучли туртки бериши шубҳасиз.
Шундан сўнг Президент Мудофаа вазирлигининг Чўқон Валихонов номли ҳарбий коллежини
бориб кўрди. Қосим-Жўмарт Тўқаевга ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга оид Aibyn App рақамли майдонча, кутубхона ва маҳаллий симуляция тренажёрлар билан жиҳозланган ўқув-лаборатория корпуси тақдим этилди.
Шунингдек, унга замонавий ҳарбий техника намуналари намойиш этилди. Давлат раҳбари
коллежга янги автобус калитини топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

