Қозоғистонда
музей соҳасини рақамлаштириш янги босқичга чиқади. Миллий музейда маҳаллий
мутахассислар ва туркиялик экспертлар иштирокида халқаро семинар бўлиб ўтмоқда.
Дастур замонавий технологияларга бағишланган маърузалар, амалий машғулотлар,
семинарлар ва маҳорат дарсларини ўз ичига олади. Беш кун давомида салкам 30 та музейдан ташриф буюрган 100 нафарга яқин
ходим рақамли трансформация, музей жамғармаларини бошқариш, интерфаол экспозициялар
яратиш ва инновациявий ечимларни
жорий этиш бўйича замонавий ёндашувларни ўрганади. Олинган билимлар амалиётда
қўлланилади. Семинарнинг
энг яхши ўн нафар иштирокчиси Туркияда қўшимча таълим олиш имкониятига эга
бўлади. Таъкидланишича, яқин келажакда Қозоғистон музей экспонатларини
рақамлаштириш вақтини бир неча соатдан бир неча дақиқагача қисқартирадиган
махсус ускуналар сотиб олади. Янги технологиялар дастлаб республика миллий
музейларида, кейин вилоят музейларида жорий этилади.
Алишер
Есенжўлов, Қозоғистон
Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги департаменти катта эксперти:
- Муайян ёдгорликлар ва экспонатларни қисқа вақт ичида
рақамлаштиришга имкон берувчи ускуналар харид қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Илгари бу иш нисбатан узоқ вақтни олар эди, энди эса бир неча дақиқада амалга
ошириш мумкин. Ўтган йили Е-музей жорий этилди, қатор экспонатлар рақамлаштирилди. Мактаб ўқувчилари, туристлар тарихимиз, маданиятимиз ҳақида кўпроқ
маълумот олиши учун биз шу тариқа
фаолиятимизни давом эттирамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

