Ақўрдада оммавий ахборот
воситалари ходимларини тақдирлаш
маросими бўлиб ўтди. Давлат раҳбари журналистларни касб байрами билан табриклади,
самимий тилаклар билдирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев
ҳозирги глобал технологиялар замонида тезкор, сифатли ва
ҳаққоний ахборот тарқатиш шарафли вазифа эканини таъкидлади. Фуқаролар
ва жаҳон ҳамжамияти мамлакатдаги
кенг кўламли ўзгаришларни улар
англаяпти. Шу муносабат билан
Давлат раҳбари конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда оммавий ахборот
воситалари вакилларининг хизматини алоҳида таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ҳаммани бир мақсад йўлида бирлаштирган умумий ишда
медиа соҳаси мутахассислари муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлаш
лозим. Журналистлар ҳамжамияти Конституциявий комиссия фаолияти ҳақида сифатли
ва мазмунли хабарлар тарқатди. Конституцияга киритиш учун таклиф этилган
тузатишларни ҳар томонлама таҳлил қилди. Кампания пайтидаги жонли эфирлар,
таҳлилий материаллар ва таълимий суҳбатлар ҳам бунга яққол далил бўла олади.
Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг сўзларига кўра, оммавий ахборот воситалари ўз зиммасига юклатилган
вазифаларни юқори савияда бажариш учун халқаро медиа ҳамжамиятида
рақобатбардошлигини ошириши керак. Шу билан бирга, газета ва телеканаллар янги
форматга ўтиб, инновациявий мультимедиа платформасини яратганини,
замон талабига мос равишда ривожланаётганини таъкидлади. Давлат раҳбари ахборот
соҳаси ходимлари ҳар доим миллатни юксалтирувчи қадриятларни тарғиб қилишда
фаол иштирок этиши керак, деб ҳисоблайди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сиз жамиятда «Қонун ва тартиб», «Ҳалол фуқаро»
тамойилларини мустаҳкамлашда, «Тоза Қозоғистон» концепциясини кенг тарғиб қилишда фаол иштирок этяпсиз. Шу тариқа халқимизнинг қиёфаси ва онгини янгилашга ҳисса қўшяпсиз. Ишончим комилки,
ахборот соҳаси мутахассислари келажакда ҳам юрт фаровонлиги йўлида хизмат
қилишда давом этади.
Президент медиа соҳасининг энг яхши мутахассисларига юксак давлат мукофотларини топширди. «Jibek Joly/Silk Way» телеканали бошловчиси Айгул Мукей «Парасат» ордени, бошқарувчи директор ўринбосари ва «Reporter with President» дастури бошловчиси Айнур Иманғали ва катта телеоператор Жанабай Ахметов «Фидокорона меҳнати учун» медали билан тақдирланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

