Қозоғистон фильми - Испания фестивали ғолиби

Қозоғистон фильми - Испания фестивали ғолиби

Қисқа метражли «Бесик жири» мультфильми Испаниядаги нуфузли фестивалда энг яхши асар деб топилди. «Madfa Madrid Film Awards-2023» фестивалида жами бўлиб, бутун дунёдан бир ярим мингта картина намойиш қилинди. Республика Маданият ва спорт вазири таъкидлаганидек, халқаро танлов Гран-приси қўлга киритилгани яна бир бора маҳаллий анимация саноати муваффақият билан ривожланаётганидан далолат беради.

АСХАТ ЎРАЛОВ, МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ВАЗИРИ:

«Маданият ва спорт вазирлиги 2030 йилгача умумий прокатда Қозоғистон фильмлари, жумладан, анимацион картиналар улушини 35 фоизгача оширишни мўлжаллаган. Бунинг учун ҳар йили 10 тадан кам бўлмаган анимацион лойиҳа яратилади. Ўтган йили мамлакатимизда биринчи марта «Казаханимация» ижодий бирлашмаси тузилди. Ушбу ташкилот маҳаллий мутахассисларнинг анимация борасидаги маҳоратини такомилига етказиш ва анимацион лойиҳалар рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш билан шуғулланади».

Айтиш жоиз, «Бесик жири» анимацион фильми замонавий ўсмирлар халқимизнинг қадимий эътиқоди билан танишиши учун имконият яратади. Картина фарзанди хаста бўлиб қолган ёш оила тўғрисида ҳикоя қилади. Уйга чақирилган бахши-шомон қора кучлар билан олишувда енгилади, шунда қаттиқ қайғуга тушган она ёрдам сўраб, буюк Умай онага ёлворади. Оналик ва оила маъбудаси ўтовда пайдо бўлиб, барчани ёвузликдан ҳимоя қилади.

Хуршида Абдуллаева таржимаси.