ЮНЕСКОда Роза Бағланова хотирасига концерт ташкил этилди

ЮНЕСКОда Роза Бағланова хотирасига концерт ташкил этилди

Парижда қозоғистонлик афсонавий ижрочи Роза Бағланованинг 100 йиллиги нишонланди. Ушбу юбилей ЮНЕСКОнинг муҳим саналари рўйхатига киритилган. Санъаткор шарафига хотира концерти ташкил қилинди.

Роза Карибжанова, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазирлиги қўмита раҳбари:

- Қозоғистон 30 йил муқаддам ЮНЕСКОга аъзо бўлганди. Бугунги тадбир мамлакатимизнинг ушбу ташкилотдаги ўрнини кўрсатади. Концертга кўплаб одамлар келди, улар қаторида ватандошларимиз ҳам, халқаро дипломатия вакиллари ҳам ташриф буюрди. Артистлар жуда илиқ кутиб олинди.

Қозоғистон эстрадаси юлдузлари, классик жанр юлдузлари жаҳон томошабинларини буюк ижрочи мероси билан таништирди. Қўшиқчи ижросидаги Абай, Қалдаяқов, Тлендиев қўшиқлари, унинг барчага ўрнак бўларли умр йўли артистларни, томошабинларни тўлқинлантирди.

Нуржамал Усенбаева, Қозоғистон республикаси халқ артисти:

- Ушбу ажойиб концертда иштирок этиш мен учун улкан шараф. Чунки Роза Бағланова – мамлакатимизнинг буюк шахси, ушбу концерт унинг юз йиллигига бағишланди. Бу – қозоқ санъати, уни тақдим этдик, у ривожлансин, гуллаб-яшнасин.

Элеонора Восси, мусиқа театри директори:

- Мен кўриб турган нарсалар жуда профессионал даражада, илҳомлантирувчи, нозик, ҳаяжонли. Томошабинларга театримизнинг профессионаллигини тақдим этишни истардик. Қозоғистон кенг танилган, лекин маданий анъаналарини кўпчилик билмайди.

Роза Бағланова кўп йиллик ижоди билан эътироф этилган. Турли жойларда санъатини намойиш этган. Фронтдаги қўлбола саҳналарда ҳам, дунёга машҳур, улкан концерт залларида ҳам куйлаган. Унинг овози ҳатто космосда, орбитада янграган. Бутун дунё бўйлаб гастролларга чиққан, турли тилларда қўшиқ ижро этган.

Абдумалик Сарманов таржимаси