«Муқағали» Дубайни забт этди. Бадиий фильм халқаро кинофестивалда бош совринга лойиқ кўрилди, дея маълум қилди «Қазақфильм» киностудияси. Машҳур режиссёр Бўлат Қалимбетовнинг ушбу картинаси таниқли қозоқ ижодкори Муқағали Мақатаевнинг 90 йиллигига бағишланган ва шоир ҳаётининг сўнгги йилларини тасвирлайди. Таъкидлаш лозимки, META Film Fest анжуманида 25 давлатдан 70 фильм қатнашди. Дастурга Қозоғистоннинг «Буюк Дашт тонги», «Оқин», «Баримтачилар» ва «Муқағали» танлаб олинди. Кинолента 25-«Қоронғу кечалар» Таллинн кинофестивалида жаҳонга тақдим этилганди. У экуменистик ҳакамлар мукофотини олган. 2022 йил баҳорида биографик картина Ҳиндистонда бўлиб ўтган 26-Халқаро кинофестивалнинг «Жаҳон киноси» секциясида намойиш қилинган. Шунингдек, «Муқағали» фильми Қозон кинофестивали ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотига сазовор бўлди.
Абдумалик Сарманов таржимаси