Юк ташувларига доир келишувлар ратификация қилинди

2027 йилга бориб, Хитойдан Европага Қозоғистон орқали юк ташув ҳажми 10 миллион тоннага етиши мумкин. Мажилисда мамлакатимиз ва Осмоности юрт ўртасидаги юк ташувига доир бир қатор келишувларни ратификация қилди. Хусусан, ҳужжатлардан бирида Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш кўзда тутилган. Мазкур йўлак бўйлаб 2023 йилда юк ташув ҳажми 65 фоизга, 2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида эса 14 фоизга ошган. Контейнер ташувларида ҳам ўсиш кузатилган. Январь-апрель ойларида ўсиш кўрсаткичи 70 фоиздан зиёдни ташкил қилди. Шартномада рақамли транспорт йўлаги дастурини ишга тушириш ва юк олиб ўтиш муддатларини икки мартага қисқартириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, қуйи палата депутатлари Хитой билан халқаро автомобиль ташуви тўғрисидаги  ҳукуматлараро яна бир келишувни ҳам ратификациялади, бунда ташув ҳажми ўтган йили икки мартага кўпайган.   

Марат Қарабаев, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири:  

- Келишувда ахборот технологияларини жорий этиш ва ташув жараёнини такомиллаштириш меъёрлари назарда тутилган бўлиб, юк ташувчилар икки давлат ҳудуди ичкарисига кириши учун имкон берилиши мўлжалланган. Шу билан бирга, қозоғистонлик автоташувчилар йирик юклар тўпланадиган шаҳарларга, шунингдек, Хитойнинг халқаро денгиз портларигача етиб бориш имконига эга бўлади. Айни пайтда, шартномага мувофиқ, юк ташувлари рухсат бериш асосида амалга оширилади, бу эса автоташувларда томонлар ташувчиларининг паритетли иштирокини тартибга солишга замин яратади. 

Мажлисда Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро қўшма юк ташуви тўғрисидаги навбатдаги битим ратификация қилинди. Ҳужжат транзит-транспорт салоҳияти ва савдо-иқтисодий алоқаларни равнақ топтиришга қаратилган. Дарвоқе, Қозоғистон ва ТДТга аъзо давлатлар орасидаги юк ташуви йилига 20 фоизга ўсиб, 35 миллион тоннани ташкил қилди. 

Марат Қарабаев, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири:  

- Битимнинг қабул қилиниши Қозоғистон орқали транзит юк ташув ҳажмини янада ошириш учун зарур шарт-шароит яратади, бу эса мамлакатнинг транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади. Битим меъёрларини амалга ошириш учун ТДТ мамлакатлари ўртасида транспортни ривожлантириш бўйича қўшма қўмита тузилади.  

Абдумалик Сарманов таржимаси.