Янги Сув кодекси Мажилисда тақдим этилди. Сув захиралари ва ирригация вазирлиги тайёрлаган ҳужжатга кўра, қатор янги меъёрлар киритилиши кўзда тутилган. Сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жадал ишга тушириш, сувни қайта ишлатишга устуворлик берилади. Бундай тизимга эга бўлмаган хўжалик ва корхоналар янги кодекс қабул қилинганидан кейин икки йил ичида уларга ўтиш режасини тақдим қилиши зарур. Ҳужжатда оқава сувларини тозалашга алоҳида эътибор қаратилган. Улар ҳам сув таъминоти манбаларига айланиши, иқтисоднинг турли соҳаларида ишлатилиши керак. Кодексда сув объектларидан уларни қуритмасдан, ифлосламасдан, чиқинди туширмасдан фойдаланиш кўзда тутилган. Масалан, Каспий денгизи ҳавзасида углеводородлар разведкаси ва қазиб олинишини истисно қилганда, улар ҳудудида ер ости бойликларини ахтариш, туз ва шифобахш балчиқ олиш тақиқланади. Янги кодекснинг алоҳида бандлари соҳага инвестициялар киритишни рағбатлантиради ва соҳа юзасидан ўтказилган тадқиқотларга давлат ёрдами берилишини кўзда тутади.
Бўлат Бекнияз, Қозоғистон Республикаси Сув Захиралари ва ирригация вазирининг биринчи ўринбосари:
— Янги Сув кодексига кўра, тозаланган оқава сувларидан фойдаланишга асосий вазифалардан бири сифатида қаралади. Шу тариқа, саноат корхоналари ҳозир олаётган 5,9 куб километр сувдан атиги 17 фоизини ишлатаётган бўлса, 2030 йилга бориб биз бу кўрсаткични 50 фоизга етказамиз. Янги Сув кодексига кўра Қозоғистон Республикаси Сув хавфсизлигини таъминлаш механизмлари ҳамда иқтисоднинг сув билан боғлиқ соҳаларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш кўзда тутилган. Бу нарса амалдаги қонунчиликда йўқ эди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.