14-марта Қозоғистонга Франкофон баҳори келди. Мамлакатлар ўртасида маданий ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган фестиваль тадбирлари жорий йилда республиканинг 7 шаҳрида ўтказилади. Анжуманни ташкил қилган Француз альянси ва қатор мамлакатлар элчихоналари таъкидлашича, репертуарда кино намойишлари, мусиқа оқшомлари, кўргазмалар, турли танловлар бор. Фестиваль икки ой давом этади. Астана шаҳрида Парижнинг навқирон юлдузи, жаз ижрочиси Габи Артманннинг концерти ўтказилди. Пойтахт аҳли ва меҳмонлари кўнглига йўл топа олган қўшиқчи дилида жўшқин ҳиссиётларини яширмади. Габининг таъкидлашича, Қозоғистонга ташрифи янги уфқлар очиш, мамлакат анъаналари, урф-одатлари билан танишиш учун катта имконият беради.
Габи Артманн, қўшиқчи:
– Мен учун илк марта Марказий Осиёга келиб, Қозоғистонда санъатимни намойиш этиш улкан ифтихор. Санъат одамларида ўз юртимиз маданиятини таништириш ва бошқаларнинг маданияти ҳақида янги маълумотларга эга бўлиш имконияти мавжуд. Ва мен бундан мамнуният билан фойдаланяпман. Алматидаги концертдан сўнг симфоник оркестр билан учрашаман. Балки кейинчалик ҳамкорлик қилармиз. Мен бу билан чин дилдан фахрланаман.
Алекс Бортолан, Франциянинг Қозоғистондаги элчихонаси маданият ва ҳамкорлик бўлими бошлиғи:
– Жорий йилда анъанага кўра биз француз маданий марказлари, француз альянслари мавжуд бўлган шаҳарларда, яъни, Астана, Алмати, Қарағанди ва Чимкентда тадбирлар ўтказамиз. Бундан ташқари яна бир қанча шаҳарларда дастур тақдим этамиз. Масалан, биз «YЕМАА» маданият марказлари ёрдамида ташкил этаётган фотокўргазмалар катта муваффақиятларга эга бўляпти. Шунингдек, Ўскеменда француз киноси фестивали ташкил этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.