Москвада Олий Евроосиё Иқтисодий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

Москвада Олий Евроосиё Иқтисодий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Олий Евроосиё Иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этди. Юбилей саммит Москвада бўлиб ўтди. Томонлар бу ҳақда ўтган йили келишиб олганди. Тор доирадаги учрашувда давлат раҳбарлари асосий муаммолар ва ЕОИИ доирасида ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Кенгайтирилган форматда давлат делегациялари аъзолари ҳамда кузатувчи давлатлар, шу жумладан, Куба ва Ўзбекистон вакиллари муҳокамага қўшилди. Иттифоқнинг 10 йиллик фаолиятида салмоқли натижаларга эришилди. Ўзаро савдо ҳажми 2 марта ортди. Қозоғистоннинг ЕОИИ давлатлари билан товар айланмаси 2023 йилда 16 миллиарддан 28 ярим миллиард долларгача ортди.  Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, юксак интеграция даражаси инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш, саноат кооперациясини амалга ошириш ва умумий хизматлар бозорини шакллантириш билан мустаҳкамланяпти. Шу кунларда ташкилотнинг имкониятларини ривожлантириш жуда муҳим.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бизга ягона ва тизимли ишлайдиган, турли тўсиқлар қўйилмайдиган ички бозор керак. Яширин чекловлар, таъбир жоиз бўлса, «бир нуқта учун ечимлар», қўл билан бошқариш амалиётига бутунлай барҳам бериш керак. Евроосиё Иқтисодий комиссияси фаолиятида бу нарса шак-шубҳасиз асосий устуворликлар қаторига кириши зарур.

Қозоғистон Президенти фикрига кўра, яна бир муҳим масала – «ташқи савдони қайта қуриш»дан иборат. Бунинг учун Евроосиё маҳсулотлари хорижий бозорларга чиқиши учун шарт-шароитлар яратиш, учинчи мамлакатларга товар транзитини таъминлаш зарур. Шу жумладан, Қозоғистон Монголия билан вақтинчалик савдо шартномаси тузиш бўйича музокаралар бошланишини маъқуллайди. Айни вақтда, Осиё, Африка ва Яқин Шарқнинг фаол ривожланаётган давлатлари билан ҳамкорлик қилиш улкан истиқболларга эга.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Глобал жануб билан кооперация алоқалари алоҳида қизиқиш уйғотади. Жорий йилда фақат Осиёнинг ўзи жаҳон ЯИМнинг 60 фоизини беряпти. Форс кўрфази давлатлари бозорларига чиқиш учун Иқтисодий иттифоқ аъзоларига Халқаро транспорт йўлаги яратиш тўғрисида Ашхобод шартномасига қўшилишни таклиф этаман. Қозоғистон бу ишни бошлади.

Хорижий бозорларга чиқиш учун транспорт жуда муҳим. Темирйўл инфратузилмаларини кенгайтириш ва модернизациялаш керак. Шунингдек, «чоксиз» логистикани йўлга қўйиш, тарифларни мувофиқлаштириш ҳамда ягона Евроосиё рақамли йўлаги барпо этиш зарур, деб ҳисоблайди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Дарвоқе, Қозоғистон келгуси йилдан темирйўлларда сунъий интеллектдан фойдаланишга киришади. Умуман олганда, Давлат раҳбари таъкидлашича, рақамлаштиришда ҳамкорлик ЕОИИнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши зарур. Зеро, Ай-ти технологиялари кенг кўламда, робот техникасидан биотехнологиялар ва зироатчилик фанларигача қўлланилиши мумкин. Ва, албатта, саноат кооперациясини кенгайтириш керак. Бу эса юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот чиқариш имконини беради. Қозоғистон шу кунларда Иттифоққа аъзо давлатлар билан бирга 150 та саноат лойиҳаси устида ишлаяпти. Музокаралар давомида қатор ҳужжатлар имзоланди.


Абдумалик Сарманов таржимаси.