Йўловчи ва юк ташуви бўйича халқаро темирйўл тизими ривожланади

Йўловчи ва юк ташуви бўйича халқаро темирйўл тизими ривожланади

Жорий йилда Қозоғистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини оширадиган 2 та янги темир йўл тизими ишга туширилади. Келаси ойдан Дўстиқ-Мойинти иккинчи йўлидан поезд қатнай бошлайди. Лойиҳа ушбу йўналишнинг ўтказув қувватини 5 марта, темир йўл транспорти тезлигини кунига 1500 километрга етказиш имконини беради. Жорий йил сўнгига қадар Алмати айланма темир йўлининг қурилиши ниҳоясига етади. Натижада, мазкур тугун юкламаси 40 фоизга енгиллашиб, юк етказиб бериш вақти 24 соатга қисқаради. Қолаверса, бугунги кунда Қозоғистонни қўшни давлатлар билан боғловчи Дарбаза-Мақтаарал ҳамда Бақти-Аягўз темир йўл тизимлари қурилиши давом этмоқда.

Жанибек Тайжанов, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги Темирйўл ва сув транспорти қўмитаси раиси:

- Бу лойиҳаларнинг ишга туширилиши Марказий Осиё йўналишида ўтказув қобилиятини қўшимча 20 миллион тоннага, Хитой йўналишида  эса 25 миллион тоннага орттириш учун замин яратади. Мазкур лойиҳаларни ниҳоясига етказиш муддати, тегишлича, 2026 ва 2027 йиллар. Шу билан бирга, жорий йилдан бошлаб, Трансқозоғистон темир йўл даҳлизини мунтазам ривожлантириш бошланди. Ушбу йўлак  Транскаспий йўналишининг асосий бўғини ҳисобланади.

Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги вакили саёҳатчилар қатновини яхшилашга қаратилган ташаббуслар билан ҳам бўлишди. Бугундан бошлаб, 7 июнга қадар Сиань-Алмати оралиғида йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади. Таркиб мамлакатимиздаги Хитой туризми йили доирасида ташкил этилди. Ўтган йили Алмати-Туркистон-Тошкент-Самарқанд-Бухоро йўналишида «Jibek joly» ва «Keruen Express» сайёҳлик поездлари қатнай бошлаганди. Улар 5 марта бориб-келган. Сайёҳлик агентликларининг илтимосига кўра, шундай поездлар қатнови бу йил ҳам давом эттирилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси