Туризм соҳасида ягона рақамли тизим шаклланади

Туризм соҳасида ягона рақамли тизим шаклланади

Қозоғистон чегараларининг барча  ўтиш жойларида туристик гуруҳлар учун «яшил йўлак» ташкил этилади. Ҳукумат йиғилишида Туризм ва спорт вазири Ербўл Мирзабўсинов маълум қилишича, натижада паспорт назоратидан ўтиш вақти 5 марта қисқаради. Ҳозирча бундай жараён пилот тартибида Россия ва Қирғизистон чегараларида жорий этилган. Вазирлик саёҳатчилар учун Tax Free тизими ҳам синовдан ўтказилганини таъкидлади. Шопинг туризмни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа самарадорлигини кўрсатган.

Ербўл Мирзабўсинов, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:

- Янги тартиб асосида туристларга умумий қиймати 4,9 миллиард тенге бўлган товар сотилди. Ўртача чек 837 минг тенгени ташкил қилди. Бу эса дунёдаги энг илғор 10 та давлатники билан тенг. Тизимни такомиллаштириш учун «Tax Free» пилот лойиҳаси мунтазам ишлай бошлашига эришиш имкониятини кўриб чиқиш керак. Яъни барча минтақаларда мазкур тизимни ишга тушириш ва ариза бериш тизимини рақамлаштириш зарур.

Шунингдек, Neo Nomad визасини олишни соддалаштириш таклиф қилинди. Шу жумладан,  уни миграция портали орқали электрон форматда йўлга қўйиш мумкин. Натижада, расмийлаштириш муддати қисқаради. Neo Nomad визаси хорижлик фуқароларга бир йил давомида Қозоғистонда яшаш имконини беради. Умуман олганда, республикада туризм соҳасида ягона рақамли экотизим яратилиши режалаштирилган.

Ербўл Мирзабўсинов, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:

- Ягона TravelStan мобил иловаси яратишга киришилди. У тўлақонли рақамли ёрдамчи. Сунъий интеллект базаси асосида ишлайди. Яъни илова туристларга отель танлаш, билет харид қилиш, гидлар ва маршрутлар топиш, такси чақириш ҳамда барча тегишли сервисларни ягона майдончага тўплаш имконини беради.

Туристларга қулай бўлиши учун Kazakhstan.travel порталида саёҳатчиларга зарур барча маълумотлар тўпланган. Уларни саккиз тилда ўқиш мумкин. Шунингдек, виртуал 3D-турлар ва туроператорлар рўйхати киритилган. Е-Гайдс майдончаси эса туристлар синовдан ўтган йўлбошловчилар топиб олишига ёрдам беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси