Сенат визуал ахборотлар ва диний фаолият масалалари тўғрисидаги қонун лойиҳасини Мажилисга қайтарди. Депутатлар иккинчи ўқишда унга 4 та тузатиш киритди. Қозоғистон Таълим ва фан вазири Асхат Аймағанбетов ўзгаришларни тақдим этиш чоғида таъкидлагани каби, тил масаласидаги янги ҳужжатни қабул қилишдан асосий мақсад – матн шаклидаги маълумотлар ҳамда визуал ахборотларни орфография қоидаларига мувофиқ тарзда ёзилишини таъминлаш. Улар асл матнга мос бўлиши ва ҳақиқийлигини сақлашда бенуқсон ёзилиши муҳим.
Асхат Аймағанбетов, Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазири:
- Лойиҳадаги асосий тузатишлардан бири – анъанавий, тарихий шаклга эга бўлган маъмурий-ҳудудий бирликни англатувчи аҳоли пунктларининг таркибий қисмлари, шунингдек, давлат тилидаги бошқа физик-географик объектларнинг қозоқча номларини ёзишдаги махсус меъёрлар. Таъкидлаш жоиз, аҳоли пунктлари номлари алмаштирилмайди. Масалан, Мичурино ўзгармайди, шундайлигича қолади. Бундан ташқари, Монастирская кўчаси ҳозирда қозоқ тилида Монастир шаклида ёзилмоқда, аммо қонун лойиҳаси қабул қилингач, у асл кўринишида қолади.
Вазир яна шуни айтиб ўтдики, мамлакатнинг қозоқ тилли қишлоқларида, шунингдек, одам кам жойларда «айланма йўл» белгиси бир нечта тилда ёзилади. Тузатишларга кўра, кичикроқ аҳоли манзилларида бундай лавҳалар фақат давлат тилида ёзилиши лозим. Бу қоида эълон, меню ва визуал ахборотнинг бошқа манбаларига ҳам тегишли.
Асхат Аймағанбетов, Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазири:
- Айтиш мумкинки, мазкур ўзгаришлар тадбиркорларни, амалдаги қонунчилик талаб қилмаган ҳолатда, рекламани икки тилда бериш мажбуриятидан халос этади. Шу билан бирга, қонун лойиҳасига киритилган ўзгаришлар давлат тилининг қўлланиш соҳасини кенгайтириш ва визуал ахборотлар билан боғлиқ хатоларга чек қўйилишига хизмат қилади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси