Қозоғистонда янги вазирликлар тузилади

Қозоғистонда янги вазирликлар тузилади

Қозоғистон Президенти ўз Мактубида яна иккита вазирлик тузилишини маълум қилди. Шу жумладан, Сув захиралари ва ирригация вазирлиги иш юритади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, мамлакат учун «оби ҳаёт» нефть, газ ёки металлар каби юксак аҳамиятга эга. Аҳоли сони ўсаётгани сабабли 2040 йилга бориб сув танқислиги 12-15 миллиард куб метрга етиши мумкин. Сув хўжалигини ривожлантириш масаласи махсус идора зиммасига юкланиши керак. Вазирлик доирасида Миллий гидрогеология хизмати ташкил этилади. Бундан ташқари, Давлат раҳбари таъкидлашича, сувни  тежаш учун зарур бўлган илғор технологиялар жорий этиш жараёнини фаоллаштириш жуда муҳим, йилига камида 150 минг гектар ҳудудда шундай тартибда иш тутишга ўтиш зарур. 20 та янги сув омбори қурилиши, 15 таси реконструкцияланиши, камида 3 ярим минг километр канал модернизацияланиши ва рақамлаштирилиши лозим. 2027 йилгача қўшимча икки куб километр сув билан таъминлаш топшириғи берилди.

 

Шунингдек, Ҳукумат таркибига Транспорт вазирлиги ҳам киритилиши режалаштирилмоқда. У йўл инфратузилмалари фаолияти билан шуғулланади. Президент таъкидлашича, Қозоғистон Евроосиёдаги алоқа тугунини яратувчи транзит хаби вазифаси сифатида мавқеини кучайтириши керак. Вақти келиб транспорт-логистика давлатига айланиши зарур. Бунинг учун денгиз инфратузилмаси ва транзит салоҳиятини ошириш керак. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Қозоғистон  глобал Шимол ва Жануб, Ғарб ва Шарқни боғловчи йўллар чорраҳасида жойлашган.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.