Масофадан ишлаш қоидалари тақдим этилди

Масофадан ишлаш қоидалари тақдим этилди

Қозоғистонликлар маоши камаймаган ҳолда бошқа шаҳардан туриб ҳам ишлаши мумкин. Бугун мажилисменлар фуқароларнинг масофавий ишлаши бўйича қонунчиликни муҳокама қилди. Дeпyтатлар «масофадан ишлаш» тушунчаси киритилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Халқ вакиллари фикрича, иш аралаш шаклда ҳам амалга оширилиши мумкин. Масалан, ходим маълум вақт офисда, маълум вақт бошқа жойдан туриб ишлай олади. Уйда ишлайдиган ходимлар энг кўп тўқнашган муаммолардан бири – компьютер ва боғланиш воситалари йўқлигидир. Эндиликда фавқулодда ҳолат юз берган тақдирда ёки карантин жорий этилган тақдирда иш берувчи ходимни зарур техника билан таъминлайди. Агар ходим хизмат вазифасини бажариш учун мунтазам равишда ўз техникасидан фойдаланса – қўшимча ҳақ тўланади. Умуман олганда, янги қонун лойиҳаси муаллифлари фикрига кўра, бугунги кунда амалда бўлган ҳужжатларга 92 та ўзгариш киритилади.

Жанат Умарбекова, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:

- Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида меҳнат шартномасида қонунчиликда кўрсатиб берилган маълум вақт мобайнида ходим иш берувчи боғлана оладиган ҳолатда бўлиши шартлиги кўрсатилади. Бу муддат кўрсатилган кундалик иш вақтидан ортиб кетмаслиги керак. Айни вақтда, томонлар розилигига кўра, хизмат вазифасини масофадан бажариб келаётган ходимлар учун ишга сарфланган вақт тўлиқ ҳисобга олинган ҳолда ўзгарувчан иш тартиби белгиланиши мумкин.

Тегишли вазирлик берган маълумотга кўра, бугунги кунда жаҳон бўйича ишлаётганларнинг бешдан бир қисми масофавий ишга ўтган. Пандемия даврида мамлакатимиз аҳолисининг 70 фоизи масофадан туриб ишлаган бўлса, жорий йилнинг дастлабки уч ойида фақат 73 минг нафар ходим уйидан туриб ишлаган. Мажилис депутати таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасида масофадан ишлаш шартлари аниқ кўрсатилгани туфайли меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинади.

Абдумалик Сарманов таржимаси