Венгрияда «Қозоғистон номадлари: ўтмишда ва ҳозир» кўргазмаси очилди

Венгрлар қозоқ халқининг бой тарихи ва маданияти билан танишаяпти. КарцАг шаҳридаги санъат музейида «Қозоғистон номадлари: ўтмишда ва ҳозир» кўргазмаси очилди. Экспозицияларда Алмати музейлар бирлашмасига қарашли 200 дан зиёд беназир экспонат қўйилган. Улар қаторида XIII асрга оид кумуш тангалар, заргарлик буюмлари, гиламлар, кўчманчиларнинг содиқ ҳамроҳи – от анжомлари бор. Абай Қўнонбой ўғлининг дўмбираси, Алматининг кўркам гўшалари фотографиялари қўйилган. Ташкилотчиларнинг айтишича, мазкур тадбир икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар кенгайишига ҳисса қўшади. Экспозиция 20 ноябргача давом этади.

Шандор Бене, Карцаг шаҳридан, Венгрия:

– Биз халқларимиз ўртасидаги узилмас ришталардан далолат берувчи кўплаб экспонатларни кўрдик. Ушбу кўргазма умумий анъаналаримизни, қадриятларимизни, маданиятимизни акс эттирганидан мамнунман. Бундай экспозициялар орқали ёшлар қозоқлар ва венгрлар қардош эканлигини билиб олади. Карцагда от спорти тўгараги бор, анъаналаримизни тиклаш мақсадида биз болаларимизни унга юборамиз. Бу кўргазма туфайли аждодларимизни боғловчи ҳаёт тарзини фақат ҳикоя қилмаймиз, балки аниқ кўрсатиб бера оламиз.

Асқар Беков, Будапешт шаҳридан, Венгрия:

– Алмати музейлар бирлашмасиг ташкил этган кўргазма ўтаётганини эшитиб, атайин Будапештдан Карцагга келдик. Буни ватанни соғиниш, деб ҳам атай оламиз. Қозоқ халқи тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб экспонатларни кўрдик. Янги нарсаларни билиб олдик. Айниқса, буюк шоиримиз Абайнинг дўмбирасини кўрганимизда катта таассурот олдик. Бундай кўргазмалар тез-тез ўтказилса, албатта, бу нарса Венгрияга ҳам, Қозоғистонга ҳам фойдали бўлади. Кўргазмаларда уйғонган қизиқиш туризмнинг фаол ривожланишига туртки беради. Қозоғистонга кўпроқ саёҳатчи боради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.