COVID-19 га қарши эмланиш қозоғистонликларнинг аввалги ҳаёт тарзига қайтишига ёрдам беради. Вакцина олиш қанчалик муҳимлиги ҳақида пойтахтдаги тиббий марказлардан бирининг директори Жазира Ембердиева ҳикоя қилади. Докторнинг айтишича, фақат шу усул ёрдамида жамоавий иммунитет яратиш мумкин. Фуқароларнинг барчаси вакцинага жиддий муносабатда бўлса, аҳоли «карантингача» бўлган замонлардаги каби яшай бошлайди, барча жамоат муассасалари одатдаги тартибда ишга тушади. Врачлар эмланишдан қўрқмасликка, ҳозирги замонда фақат текширилган манбаларга ишонишга чақиради. Ижтимоий тармоқлардаги фейкларга эса эътибор бермаслик зарур.
Жазира Ембердиева, тиббий марказ директори:
- Бизда аҳолининг умумий сони 19 миллионлигини ҳисобга оламиз. Жамоавий иммунитет шаклланиши учун 60 фоиз аҳоли эмланиши зарур. Ўшандагина бемалол саёҳат қилишимиз, аввалги ҳаётда яшашимиз, меҳмонга боришимиз, мулоқот қилишимиз мумкин. Афсуски, ҳозир бунинг имкони йўқ.
Эслатамиз, сўнгги маълумотларга кўра, хавфли вирусга қарши вакцинанинг биринчи компонентини олганлар сони 5 миллиондан ортди. Жамоавий иммунитет ҳосил қилиш учун бу рақам икки марта юқори бўлиши зарур. Шу кунларда республикада эпидемиологик вазият таранглигича қолмоқда. Ўтган сутка давомида яна 5 минг етти юздан зиёд одам коронавирус юқтирган, бир кун ичида 64 юртдошимиз жон берди. Бу рақамлар ҳар қандай беғам одамни ҳам мушоҳада юритишга мажбур қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси