Қозоғистонлик олим диабетни даволаш усулини ишлаб чиқди

Қозоғистонлик олим диабетни даволаш усулини ишлаб чиқди

Ватанимиз илм-фан соҳаси ривожланишда давом этяпти, Қозоғистон олимлари ютуқларга эришмоқда. Алматилик тадқиқотчи Бахитжан Алжанули касалликка қарши курашда замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда диабетни даволашнинг ўзига хос йўлини ишлаб чиқди. Бунда ҳужайралар даражасида даволаш усулидан фойдаланилди. Ҳужайра кўчириб ўтказиш ошқозоности безини инсулин ишлаб чиқариш, унинг организмдаги даражасини назорат қилишига олиб келади.

Бахитжан Алжанули, М.А. Айтхўжин номли молекуляр биология ва биокимё институти илмий ходими:

- Биз ўз конструкциямизга асос ҳужайраларни киритдик. Бу ҳужайралардан Бета-ҳужайра олинади. Яъни инсулин синтези учун жавобгар бўлган ошқозоности бези ҳужайралари. Ана шундай Бета- ҳужайра олдик. Кейин эса унинг инсулин миқдорига таъсирини ўргандик.

Ёруғлик таъсирида Бета-ҳужайралар инсулин чиқаришни кўпайтириши ёки камайтириши мумкин. Қозоғистонлик биотехнологнинг ноёб усули диабетга йўлиққанлар учун фойдали, мунтазам укол олмасдан яшаш имкониятини бериши мумкин. Таъкидлаш лозимки, ҳозирча жаҳонда 1-типдаги диабетни даволаш технологияси мавжуд эмас, беморлар мунтазам инсулин олишга маҳкум. Эндиликда тадқиқотларни ниҳоясига етказиш қолди, холос.

Камалидин Шарипов, М.А. Айтхўжин номли молекуляр биология ва биокимё институти бош директори вазифасини бажарувчи:

- Ҳозир танлов эълон қилинди. Бахитжан Алжанули ва бошқа олимлар билан бирга грант учун ҳужжат топширдик. Грант молиялаштириш ёки коллаборатив грант. Грант молиялаштирилиши асосида бу йўналишда ишларни давом эттирамиз.

Таъкидлаш зарурки, Бахитжан Алжанули тадқиқотларини 4 йил аввал Канадада бошлаган ва Қозоғистонда муваффақиятли якунлади. Олдинда протоколларни ўзгартириш, клиникагача ва клиник синовлар турибди. Олимлар прогнозига кўра, орадан 5 йил ўтгач, технологияни амалда қўллаш мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси