Қозоғистон чеварлари Астанада ўтказиладиган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига бир ярим километрли кўрпа келтиради. «Аламан қуроқ»ни тайёрлашда мамлакат минтақаларидан 500 нафар чевар қатнашади. Уларнинг ҳар бири 2,5 метр кўрпа олиб келади ва пойтахтда уларни бирлаштиришади. Қуроқ кўрпа тикишдек серзаҳмат ишга 9 ёшли Аяла Сапарбек ҳам ҳиссасини қўшди. У ўзининг бу иши энг йирик миллий спорт ўйинлари арафасида тақдим этилишидан мамнун.
Аяла Сапарбек, чевар:
– Онам чевар, дизайнерлар ичида улғайганман. Ўзим ҳам шу касбни эгалламоқчиман. Онамдек уста бўлгим келади.
Чеварлар аввалроқ 500 метрли кўрпа тикиб, Қозоғистон рекордлар китобига киришганди. Энди улар янада яхшироқ кўрсаткичга чиқишмоқчи. Уста тикувчиларнинг асосий мақсади – ташриф буюрган меҳмонларга ўз нақшлари ва орнаментларида қозоқ халқи маданиятини акс эттирган беқиёс қуроқ кўрпаларнинг ўзига хослигини намойиш этиш.
Бибихадиша Жетибаева, чевар:
– Момоларимиз кўрпа тикиш бўйича ўз билимларини бизга қолдирган. Энди эса унинг замонавий талқинини ёшларга ўргатаяпмиз. Мақсадимиз – «Аламан қуроқ» орқали элимизнинг жипслигини дунёга кўрсатишдан иборат. Ўйинлар вақтида кўрпани тўшаш ниятидамиз. Юқоридан жуда чиройли кўринади. Гиннесснинг рекордлар китобига киришга умид қиляпмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.