Абай номли Қозоғистон Миллий опера ва балет театрида афсонавий санъаткор Рамазан Бапов номли балет зали очилди. Жорий йилда машҳур раққос 75 ёшга тўлган бўларди. Тадбирга унинг ҳамкасблари, дўстлари ва шогирдлари, шунингдек, рафиқаси, Қозоғистон ССРда хизмат кўрсатган артист Людмила Рудакова ташриф буюрди. Замондошлари таърифига кўра, Рамазан Бапов – жаҳон хореографиясида ўзига хос янги ҳодиса бўлган. Умрини рақс санъатига, қозоқ хореографиясини жаҳонга танитишга сарфлаган. Кўп йиллар мобайнида балет премьери сифатида ишлаган, 22 йиллик фаолияти мобайнида Бапов театр саҳнасида бетакрор образлар яратишга муваффақ бўлган.
Алибек Днишев, Қозоғистон халқ артисти:
- Рамазаннинг энг катта бойлиги – унинг ички дунёси, рақсдаги интеллекти, мактаби эди. Рамазан ишга келгани театримизнинг омади бўлган. Москвада ёки бошқа жойда қолиши мумкин эди. Кўп марта гастролларга борган. Рамазан Бапов давр ва санъатда янги ҳодиса бўлганди. У балет учун яратилган, қозоқ балетини ўзида намоён қилган шахс эди.
Бибигул Нусипжанова, Қозоғистон миллий хореография академияси ректори:
- Рамазан Саликович театр ҳаётида алоҳида ўрин тутади. У ҳақиқий эталон, барча партия ва ролларни аъло даражада ўйнаган. Ўта иқтидорли артист, гўзал ва ёрқин ички дунё эгаси эди.
Абдумалик Сарманов таржимаси