V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари пойтахтдаги олтита объектда ўтказилади

V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бошланишигача атиги бир ой вақт қолди. Қозоғистон пойтахти кенг кўламли беллашувлар ўтказишга тайёрланяпти. Ўйинлар ташкил этиладиган объектлар таъмирланмоқда, улардан баъзилари янгидан қурилади. Масалан, «Қазанат» ипподроми халқаро стандартларга мослаб модернизацияланади, у энди 10 минг нафаргача томошабинни қабул қила олади. Отчопарда от спорти беллашувлари, Жақсилиқ Ушкемпиров номли яккакурашлар саройи ва «Алау» муз саройида миллий кураш, олишувлар, халқ ўйинлари бўйича биринчиликлар ўтказилади. «Думан» мажмуасида анъанавий интеллектуал «жанг»лар ташкил қилинади. V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари очилиш маросими «Астана Арена»да ўтказилади. 

Нурдаулет Қурбанбекули, Астана шаҳри қурилиш бошқармаси раҳбари ўринбосари:

– Барча йўналишларда ишлар фаол давом этяпти. Жумладан, ободонлаштириш, асфальтлаш, ички пардоз, муҳандислик тармоқлари бўйича ҳам. 500 нафардан зиёд уста жалб этилган. 20 августгача ҳамма иш тугатилади, 23 августдан объектларни топширамиз.

Сентябрь ойида Астанага икки минг нафардан зиёд спортчи ва расмий делегация вакиллари келиши кутиляпти. Шунингдек, спортчиларнинг кўп сонли ишқибозлари ҳам келади. Меҳмонлар учун меҳмонхоналар, транспорт, умумий овқатланиш нуқталари ташкил этилади. 272 та отель хорижлик сайёҳларга хизмат қилишга шай. Астана шаҳри кенг кўламли тадбирларнинг ўзига хослигини, колоритини кўрсатувчи кичик меъморий шакллар билан безатилади. Шаҳарнинг турли қисмларига ҳайкаллар, декоратив конструкция ва инсталляциялар ўрнатилади. 

Тлеужан Ўмирузағ, Астана шаҳри Инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси раҳбари:

– 123 та туристик объект бор. Уларнинг барчаси ишга шай. Бундан ташқари, хорижлик саёҳатчилар учун «Easy Travel» майдончаси мавжуд. Истаганлар 6 тилда онлайн-гид хизматидан фойдалана олади. Туристик объект ва шаҳар атрофидаги меъморий иншоотлар тўғрисида батафсил маълумот олиш имкони яратилган.  

Эслатамиз, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари Астана шаҳрида 8-13 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. 89 давлат вакиллари 21 спорт тури бўйича 97 та медаллар мажмуаси учун курашади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.