Қосим-Жўмарт Тўқаев ХІV Қишки Паралимпиада ўйинлари чемпиони Ербўл
Хамитовни ІІІ даражали «Барс» ордени билан тақдирлади. Тантанали маросим
Ақўрдада бўлиб ўтди. Давлат раҳбари
таъкидлашича, дунёнинг энг нуфузли беллашувлари Қозоғистон учун муваффақиятли
бўлди - атлет ҳам олтин, ҳам бронза медаль олди, мамлакат шарафини муносиб
ҳимоя қилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
–
Мамлакат параспорти учун тарихий ютуққа эришилди. Ербўл қозоқ халқининг
иродаси, жасурлиги, матонатини намойиш қилди. Шунинг учун биринчи навбатда
сизга ва тренерлар штабига муваффақиятлар тилаймиз. Паралимпиада ўйинларига боришингиздан
аввал сизга юртимизнинг осмон рангидаги байроғини топширгандик. Юксак ишончни
оқладингиз, Қозоғистонга ғалаба билан қайтдингиз. Мамлакатни умумжамоа ҳисобида
18-ўринга олиб чиққан юксак натижага эришдингиз.
Қосим-Жўмарт Тўқаев Ербўл Хамитовнинг Олимпиададаги муваффақиятига тренерлар қўшган ҳиссани алоҳида
кўрсатиб ўтди. Шунингдек, врачларга ва параспортчилар билан бирга ишлаган бошқа
мутахассисларга миннатдорчилик билдирди. Президент таъкидлашича, ҳозир барча
учунтенг имкониятлар берувчи Адолатли Қозоғистон бунёд этиляпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев фикрича, яқинда қабул қилинган янги
Конституция мамлакатнинг бунёдкорлик салоҳиятини намойиш қилади. Қозоғистон
параспортчилари ўз ютуқлари билан мамлакатнинг янги қадриятларини жорий этишга
улкан ҳисса қўшади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
- Асосий қонун инсон капитали, таълим, фан ва инновацияларни ривожлантиришни давлатнинг
стратегик фаолият йўналиши сифатида кўрсатди. Миллат саломатлигини сақлашга
алоҳида эътибор қаратилди. Конституциянинг асосий мақсади Мустақиллик,
Суверенитет ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишдан, фуқаролар
ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашдан иборат. Муҳим вазифалардан
бири — мамлакат ичида ва хорижда Конституция тамойилларини кенг тушунтириш ва
илгари суриш.
Бугунги кунда мамлакат паралимпиада спортига катта эътибор қаратяпти. Соҳани молиялаштириш кенгайди. Ўтган йили Қозоғистонда 4 та замонавий инклюзив спорт мажмуаси очилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, бундай марказлар мамлакатнинг барча минтақаларида иш бошлайди. Паралимпиада чемпиони Ербўл Хамитов Президентга юксак ишонч учун миннатдорчилик билдирди, янада юксак марраларга интилишни, давлатимизга мукофотлар келтиришни ваъда қилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

