Астанада
ниҳоясига етган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари дунёнинг етакчи оммавий
ахборот воситалари эътиборини ўзига жалб этди. Дунё миқёсида аҳамиятга эга
беллашувлар ҳақида Евроньюс янгиликлар телеканали ҳар куни репортаж бериб
борди. Уларда ўйинларда тақдим этилган ҳар бир ўйин, шу жумладан, интеллектуал спорт
турлари бўйича батафсил маълумот узатилди. BBC ўз материалида Кўчманчилар ўйинларини Марказий Осиё
олимпиадаси, деб атади. Таҳририят фикрича, спорт анжуманининг бош миссияси – кўчманичларнинг
азалий спорт ўйинларини тиклаш ва оммалаштиришдан иборат эди. Унда овчи қушларга
алоҳида эътибор берилди.
Бу ўйинларга бежиз эътибор
берилмади. Астанага тажрибали қушчилар
билан беллашиш учун 10 давлатдан 42 спорчи келди. Улар қаторида Марказий Осиё
давлатлари, Испания, Венгрия ва Канада вакиллари ҳам бор. Кўпчилиги бундай
беллашувларда биринчи марта қатнашди. Қушбегилик беллашувларида 18 бургут, 12 лочин
эгаси иштирок этди. Анъанавий ов билан боғлиқ қизиқарли тортишувларда ҳеч бир
томошабин зерикиб қолмади.
Ентик Фрейша Мас, қушбеги, Испания:
- Биринчи марта Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида
қатнашяпман. Майдон эгалари бургут беришди. Жонивор билан қисқа вақтда тил
топишиб олдик. 15 йилдан буён ёввойи паррандалар билан профессионал даражада
мулоқот қиламан. Яхши натижа олишимга мана шу тажрибам ёрдам берди шекилли. Миллий
ўйинлар мезбонлари билан финалга чиқдим. Бундай беллашувларда ҳамиша қатнашишни
истардим. Унутилмас тажриба орттирдим.
Недим Қизилбуға Туркия
шарафини ҳимоя қилди. Уч йилдан буён йиртқич қушлар билан ов қилади. Асосий иши
эса фан бидан боғлиқ. Недим ҳозир докторлик диссертациясини ёзаяпти, унда
мазкур миллий спорт тури тадқиқ этилган.
Недим Кизилбуға, олим, қушбеги, Туркия:
- Қозоғистонда уч ой яшадим, қадимгиларнинг овчи
қушлар билан ишлаш усулларини ўргандим, қушчилар билан мулоқотда бўлдим, уларникига
меҳмонга бордим. Қозоқ тили ва касб сирларини, маҳаллий анъаналарни ўргандим. Бургутлар
жуда ақлли. Қўлингизга чақирсангиз,
нимадир беришингизни билиб туришади. Самимий бўлсангиз, у билан дўстлашиш
мумкин.
V Бутунжаҳон кўчманчилар
ўйинлари туркий халқлар ва қўчманчи тамаддуннинг ёрқин, бой маданий
хилма-хиллиги намойиш этилган марказий майдончага айланди. Анъаналар, урф-одатлар,
ҳатто либослардаги элементларнинг ўхшашлиги бутун дунёга туркий халқларнинг
тарихий бирлигини кўрсатди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси