Қозоғистонда жорий йилда Транспорт вазирлиги қошида
алоҳида хизмат пайдо бўлади. У авиаҳалокатларни текшириш, фожиаларга йўл
қўймаслик чораларини қабул қилиш билан шуғулланади. Ҳукумат йиғилишида Бош
вазир шундай хизмат ташкил этишга зарурат борлигини уқтирди. Бундан ташқари, Ўлжас
Бектенов эътибор қаратиш шарт ҳисобланган айрим масалаларни келтириб ўтди. Энг
аввало, 2028 йилга бориб, юк ташувини икки марта ошириш мақсадида Миллий юк авиаташувчини
барпо этиш ишларини жадаллаштириш керак. У халқаро бозорда ўз ўрнини эгаллаши
лозим. Бажариш зарур бўлган масалалар орасида ҳаво кемалари паркини кўпайтириш
ва янгилаш, кичик авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш, шунингдек,
соҳада рақамлаштиришни равнақ топтириш ва сунъий онгни жорий этиш ҳам бор.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон
Республикаси Бош вазири:
- Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Давлат раҳбари авиация соҳасини
ривожлантиришга, Қозоғистон ҳудудида халқаро аэрохаблар барпо этишга алоҳида
эътибор қаратди. Бунинг учун мамлакатимиздаги 6 та йирик аэропорт ҳудудида
махсус иқтисодий зона очиш бўйича қарор қабул қилинади. Улар халқаро майдонда
рақобатбардош бўлиши керак. Шу боис, асосий эътибор инфратузилмани равнақ
топтириш, юк ташувчилар учун шароит яратишга қаратилади. Кейинги босқич – юк
етказиб бериш турли транспортда амалга ошириладиган аэропортлар мультимодаллигини
халқаро стандартлар асосида ривожлантириш.
Авиация соҳаси – туризмни ривожлантиришда муҳим омилдир. Тегишли вазирлик маълумотларига кўра, сўнгги 5 йилда унинг кўрсаткичи 2 марта ўсган. Биргина ўтган йили маҳаллий авиакомпаниялар деярли 15 миллион йўловчи
ташиган,
юртимиз аэропортларида хизмат кўрсатилган йўловчилар сони икки мартага ошган. Қолаверса, 350 миллиард доллар миқдоридаги хусусий сармоя эвазига Алмати, Чимкент ва Қизил Ўрдадаги терминаллар модернизация қилинди. Бу эса уларнинг ўтказув қувватини 6,5 марта ошириш имконини берди. Кендерли,
Зайсан ва Катон-Қарағай курорт зоналарида учта аэропорт қурилиши жорий йилда тугалланиши лозим. Транспорт
вазири ўринбосари Талғат Ластаев 2030 йилга қадар мўлжалланган шу ва бошқа ишлар ҳақида маълумот берди.
Талғат Ластаев,
Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири
ўринбосари:
- Йўловчи оқими 14,7 миллион нафардан 26
миллион нафарга ошгани кузатилади. Етказилган юк ҳажми 170
минг тоннадан 500 минг тоннага етади. Ҳаво кемалари парклари сони 104 тадан 221 тага кўпаяди. Халқаро йўналишлар сони 119 тадан 200 тага етади. Вазирлик томонидан олдга қўйилган барча вазифалар сифатли
ва ўз вақтида бажарилди. Мазкур иш доимий
назорат остида бўлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

