Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Манғистау вилоятига амалий сафари Ақтау улгуржи-тақсимот маркази фаолияти билан танишувдан бошланди. Бу минтақада биринчи шундай шаклдаги объект. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, воситачиларни камайтириш ва маҳсулот нархини пасайтиришда муҳим роль ўйнаши кўзда тутилган. Мажмуа майдони - 80 минг квадрат метр. Бу ерда 40 минг тоннагача маҳсулот сақланиши мумкин. Лойиҳага сарфланган сармоя 5 миллиард тенгени ташкил қилади. Йил охирига қадар иккинчи навбат ишга туширилиши режа қилинган.
Давлат раҳбари борган иккинчи объект Каспий технология ва инжиниринг университети ҳудудидаги технопарк бўлди. Президент халқаро дастур бўйича IT-мутахассислар тайёрланадиган ўқув зонаси, шунингдек, рақамли ва телекоммуникациявий компетенцияларни ривожлантириш лабораторияси билан танишди. Талабалар билан суҳбат чоғида Президент бугунги кунда юксак технологиялар ва сунъий онг билан боғлиқ йўналишларни равнақ топтириш алоҳида долзарблик касб этаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда транспорт-логистика соҳасидаги малакали мутахассисларга ҳам эҳтиёж катта.
Бу эса - BS Arena кўпвазифали спорт мажмуаси. Бу ерда волейбол, баскетбол ва футзал учун майдончалар, ёпиқ ва очиқ теннис кортлари, бассейн, яккакураш ва фитнес заллари, шунингдек, трибунали футбол майдонлари жойлашган. Қосим-Жўмарт Тўқаев маҳаллий спортчилар билан мулоқотда бўлди ва уларга омад тилади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев Ақтау халқаро денгиз порти – мамлакатнинг асосий логистика хабини ҳам бориб кўрди. Бугунги кунда порт – замонавий, кўпмақсадли терминал бўлиб, Шарқ-Ғарб ҳамда Шимол-Жануб йўналишида кеча-ю кундуз юк ўтказади. Транспорт вазири Марат Қарабаев маълум қилганидек, минтақада қиймати деярли 2 триллион тенге бўлган 24 та инфратузилмавий лойиҳа амалга оширилмоқда. Ақтауда ҳозирги пайтда контейнер хаби қурилиши кетяпти, у шаҳар портининг ўтказув қувватини оширишга замин яратади. Давлат раҳбари Кендерли курорти ҳудудида аэропорт қурилишини тезлаштиришни топширди. Президент минтақанинг Евроосиё транспорт-логистика хаби сифатидаги аҳамиятини алоҳида тилга олди. Ушбу вазифанинг рўёбга чиқарилиши стратегик аҳамиятга эга.
Абдумалик Сарманов таржимаси

