Қозоғистонда янги ўқув йилида «Шинам мактаб» миллий лойиҳаси бўйича
қурилган дастлабки 20 та иншоот фойдаланишга берилади. Ҳукумат йиғилишида соҳа
раҳбари таъкидлашича, жорий йилда жами 222 мактаб капитал таъмирдан чиқади.
Улар қаторида баҳорги тошқинларда зарар кўрган илм даргоҳлари ҳам бор. Ғани
Бейсембаев маълум қилишича, 40 та билим
масканида реставрация ишлари олиб бориляпти. Шу билан бирга, олис аҳоли
манзилгоҳларидаги мактабларни Старлинк ер йўлдош тизими орқали интернетга улаш
масаласи якунланаяпти. Бош вазир Ўлжас Бектенов Маориф вазирига жорий ишлардан
ташқари, таълим сифатини оширишга ҳам эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатиб ўтди.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Билим беришнинг барча босқичларида сифат талаблари
белгиланиши лозим. Ўрта таълим берувчи шинам мактабларда ривожланишга туртки
берувчи стандартлар киритилиши зарур. Бошқа мактаблар ҳам улар даражасига олиб
чиқилиши лозим.
Олий ўқув юртларидаги таълим масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Жорий
йилда Ҳукумат 94 мингдан зиёд таълим гранти ажратди, унинг 1 минг 890 таси
мамлакатимиздаги нуфузли хорижий университетлар филиалларига берилди. Шу
кунларда Қозоғистонда 27 та хорижий университет филиалини очиш ҳақида шартнома
бор. Унинг 7 таси жорий йилдан иш бошлайди. Олий ўқув юртлари сонигина эмас,
сифати устида ишлаш лозим. Бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтираяпмиз, чуқурлатилган
илмий-тадқиқотларга кўчаяпмиз, дея маълум қилди соҳа етакчиси.
Саясат Нурбек, Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим
вазири:
- Ёш
олимларга ҳам, барча илм одамларига ҳам ижтимоий кўмак кенгайтирилади. Янгидан
қабул қилинган қонун доирасида уларнинг маошини ошириш, қўшимча тўловлар жорий
этиш, уй-жой билан таъминлаш, ёш олимлар учун грантлар сонини ошириш каби
чора-тадбирлар кўриляпти. Олимларни ишлаб чиқаришга, аниқ муаммоларни ҳал
этишга йўналтиришимиз зарур.
Абдумалик Сарманов
таржимаси