Алакўл кўли соҳилларини ҳимоя қилиш учун 3 миллиард тенге сарфланади. Қозоғистон Ҳукумати захирасидаги маблағ
Жетису вилоятида янги тўғон қурилишига йўналтирилади. Бош вазир Ўлжас Бектенов тегишли
қарорни имзолади. Лойиҳа мамлакат Президентининг сув хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш
бўйича топшириғи доирасида амалга ошириляпти. У икки қишлоқ яқинидаги қирғоқларга олти километрли ҳимоя
иншооти қуришни назарда тутади. Бу соҳил чизиғини мустаҳкамлаш, туристик ҳудудни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Ҳукуматда таъкидлашларича, сўнгги икки йилда мамлакатнинг олтита минтақасида жами 243 километр узунликда ҳимоя тўғонлари, бошқа гидротехник иншоотлар қурилган ва
мустаҳкамланган.
Жандос Салимов, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазири ўринбосари:
– Қурилиш ишлари ўтган йили бошланганди. Ушбу мақсадлар учун республика бюджетидан 1,5 миллиард тенге маблағ ажратилди, у тўлиқ ўзлаштирилди. Мутахассислар тупроқ ва бетон ишларини бажарди, габион конструкциялар ўрнатди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

