Қозоғистонда интернет сифати ортади

2027 йилгача Қозоғистон йўлларининг 25 минг километрдан кўпроқ қисми доимий ва сифатли интернет билан таъминланади. Йирик йўллар яқинида яна 500 та антенна ўрнатилиши мўлжалланмоқда. Бунинг учун давлат ҳисобидан 60 миллиард тенге маблағ ажратилади. Жорий йилда режалаштириш ишлари якунланади, келгуси йилдан қурилиш бошланади. Вазирлик вакиллари фикрича, автомобиль йўлларида интернетнинг мавжудлиги мамлакатда логистика ва транспорт оқимлари бошқарувини тартибга келтиришда қўл келади.

Ержан Мейрамов, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги қўмита раиси:

– Махсус базавий станциялар кейинчалик мобил операторлар томонидан қўйилади. Тегишли ускуналарни ўрнатиш учун компанияларга 30 милилард тенге инвестиция йўлланади. 

Вазирликда таъкидлашларича, 2 мингтача ўрта таълим масканлари Starlink технологиялари воситасида интернетга уланади. Гап етиб бориш қийн бўлган олис қишлоқлардаги мактаблар ҳақида кетяпти. Шуни ҳам айтиш керакки, мазкур глобал ер йўлдошли симсиз ва жадал интернет иқтисоднинг бошқа соҳаларида ҳам ишлатилиши режалаштирилган. 

Ержан Мейрамов, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги қўмита раиси:

– Пилот лойиҳа кенгайтирилди, 70 тача абонент терминали Фавқулодда вазиятлар вазирлигига берилади.   Бундан ташқари, мобил операторлар Starlink технологияси асосида уланувчи интернетдан транспорт соҳасини ривожлантириш учун фойдаланишади. Бу технологияни аслида ҳамма соҳада ишлатиш имкони бор. Масалан, темирйўл ёки автотранспортга мўлжалланган терминаллар бор. 

Шу билан бирга, вазирлик интернет алоқа мавжуд бўлмаган нуқталарни бартараф этишда давом этяпти. 2023 йилда пойтахтда 67 та шундай жой аниқланди, улардан 52 таси бартараф қилинди. Бу иш мамлакатнинг барча қисмларида фаол амалга ошириляпти. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.