Ақтауда халқаро контейнер хаби иш бошлади

Ақтауда халқаро контейнер хаби иш бошлади

Ақтауда халқаро контейнер хаби иш бошлади. 19 гектар майдонда юк кўтариш қуввати 41 тоннагача бўлган иккита рельсли кран ўрнатилган, шунингдек, оддий ва совутгичли контейнерлар учун майдончалар жиҳозланган. Бу ерда юкларни тортиш, таъмирлаш, сертификатлаш ва сақлаш хизматлари мавжуд. Бугунги кунда хаб йилига 120 мингтагача контейнерни ўтказа олади. Лойиҳанинг кейинги босқичи якунлангач, мазкур кўрсаткич икки марта ошади. Терминал орқали Европа, Туркия, Озарбайжон ва Грузияга халқ истеъмоли моллари, асбоб-ускуналар, техника ўтади. Янги логистика мажмуаси Хитойнинг Ляньюньган порти, "Хоргос - Шарқий дарвоза" қуруқ порти, Ақтау порти ва Каспий денгизи орқали ўтадиган йўналишларни боғлайдиган ягона транспорт-логистика занжирининг бир қисмига айланади. Унинг очилиши Қозоғистоннинг транзит салоҳиятини мустаҳкамлайди, Ўрта йўлак имкониятларини кенгайтиради. Лойиҳа Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига биноан амалга оширилди.


Қайрат Қалиўлла, Ақтау халқаро контейнер хаби бош директорининг ўринбосари:


- Контейнер хаби қуришдан асосий мақсад Хитойдан Европага ташиладиган транзит юкларга хизмат кўрсатишдан иборат. Шунингдек, Қозоғистоннинг экспорт юкларини ташиш, мамлакатга юк олиб келиш имкониятлари ҳақида ҳам гап бормоқда. Хаб Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга сезиларли таъсир кўрсатади.


Арман Жақупов, Ақтау халқаро контейнер хабининг тижорат масалалари бўйича ижрочи директори:


- Бунда Қозоғистон импорти ва экспорти масаласи кўрилади. Импорт умумий ҳажмнинг қарийб 25 фоизини, экспорт эса 15 фоизини ташкил этади, қолган 60 фоизи Хитой транзити бўлиб, у бевосита контейнер терминалига йўналтирилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.