Қозоғистон БМТ дунё электрон ҳукумати рейтингида 193
давлат ичида 24-ўринга чиқди. Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат
вазири Жаслан Мадиев айтишича, мамлакат мазкур халқаро рейтингда яна бир муваффақиятга
эришди. Республика нуфузли халқаро ташкилотнинг ўтган сафарги ҳисоботидаги ўрнидан
4 поғона юқори кўтарилган. Қозоғистон рейтингда Швейцария ва Туркияни ортда
қолдирди. Шу жумладан, Россия, Арманистон, Ўзбекистон ва Озарбайжонни қувиб
ўтиб, МДҲ давлатлари ичида пешқадам мавқега эриша олди.
Жаслан Мадиев, Қозоғистон Республикаси Рақамли
тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:
- Бу кўрсаткич мамлакатда рақамлаштириш даражаси
юқори эканлигини, давлат хизматлари тўла рақамлаштирилаётганини кўрсатади.
Бугунги кунда давлат хизматларининг 90 фоизидан онлайн форматда фойдаланиш
мумкин. Рейтингда бу борадаги ҳаракатлар муносиб баҳоланди. Таъкидлаш лозимки, рейтингни
тузишда асосан электрон хизматлар ривожлангани, онлайн форматда кўрсатилиши, инсоний
капитал ривожи ва телекоммуникация инфратузилмалари ҳисобга олинади. Бу параметрлар
бўйича илгари силжиганмиз.
Ҳисоботда таъкидланишича, Қозоғистон рақамли трансформация
борасида анча катта ўсишга эришган, инфратузилма ва технологияларга, хусусан,
сунъий интеллект, блокчейн ва буюмлар интернетига катта сармоя киритмоқда. Улар
бошқарув ва давлат хизматларига уланиш имконияти ва шаффофликни оширган. Бунга е-License ва Smart Data Ukimet ечимлари воситасида эришилган.
Лекин Қозоғистон ушбу марраларда тўхтаб қолмоқчи эмас. Электрон ҳукумат, жумладан, сунъий интеллект
ёрдамида ривожланишда давом этади.
Жаслан Мадиев, Қозоғистон
Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:
- Буларнинг ҳаммаси
фойдаланувчиларга давлат хизматларини олишда ёрдамлашади, турли ҳаётий
вазиятларда тўғри иш тутиш бўйича маслаҳатлар беради. Ҳозир 150 та ҳаётий
вазият танлаб олинди ва улар атрофида олдиндан давлат хизмати кўрсатиш устида
ишлаяпмиз. Бу жараёнларни йўлга қўйиш, интуитив ўзаро алоқа боғлаш учун зарур
ишланмалар тайёрланяпти. Шунда тизим автомат тартибида, масалан, яроқлилик
муддати ўтаётган ҳужжатларни янгилашни тавсия қилади. Шундай давлат хизмати
ишга туширилади. Одамлар яқин келажакда ўзидаги ҳужжат вақти ўтиб кетмадими,
деб хавотирланмайди. Биз тизим бу нарсаларни дарҳол хабар қилишига
эришмоқчимиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси