Туркманистонда Халқаро хотин-қизлар кунига аталган кўргазма очилди

Туркманистонда Халқаро хотин-қизлар кунига аталган кўргазма очилди

Ашхободда 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган кўргазма-танлов очилди. Унда 170 нафардан зиёд нозик жинс вакиллари - рассомлар, ҳайкалтарошлар, заргарлар халқ анъаналари ва маданияти, туркман аёллари жамоли ва узоқ кутилган баҳорни куйловчи асарларини тақдим этишди. Жами 290 тадан зиёд ижод намунасини томоша қилиш мумкин. Улар турли техника ва жанрларда яратилган. Маҳаллий мўйқалам усталари ишлатган ранглар, заргарларнинг дизайнерлик ечимлари томошабинни лол қолдиради. Тасвирий санъат полотнолари, график картиналар, ноёб ҳайкаллар, керамик буюмлар, гобеленлар ҳакамлар ҳайъати ва меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди. Байрам экспозицияси, ижодкорларнинг бетакрор дастхати алоҳида таъкидланди.


Мержен Аманклижова, Туркманистон Давлат бадиий билим юрти ўқитувчиси:


- Оиламиз менинг ижод манбим бўлди, бадиият сари бошлади. Улар туфайли ўзлигимни, ўз йўлимни топдим. Мен ўн беш йилдан буён ранглар ва чизгилар дунёсида кезаман, миллий либослар кийган, тақинчоқлар таққан туркман аёлларининг бетакрор гўзаллигини абадиятга улашиш ниятида ҳаракат қиламан. Ишларимда ёрқин, тўйинган ранглар кўп, айниқса, ҳаётий қувватни акс эттирувчи қизил рангни ишлатишни ёқтираман.


Абдумалик Сарманов таржимаси