Туркияда илмий-амалий анжуман ташкил этилди

Туркияда илмий-амалий анжуман ташкил этилди

«Қатағон ва Ахмет Байтурсинов». Туркия пойтахтида таниқли қозоқ маърифатпарварининг 175 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Тадбирда туркологлар, олимлар ва туркий олам вакиллари иштирок этди. Улар орасида Ҳожи Байрам университети профессорлари, Қозоғистоннинг Туркиядаги элчихонаси вакиллари, шунингдек, Евроосиё Ёзувчилар уюшмаси ва «Qyr balasy» фонди аъзолари ҳам бор. Улар фикрича, Байтурсинов туркий халқлар учун буюк шахсият саналади. Унинг қарашлари халқаро илмий майдонда ислоҳий ғоялари билан ажралиб туради. Тадбир доирасида Байтурсинов меросини ўрганишга катта ҳисса қўшган олимлар мукофотланди ва китоб тақдимоти ташкил этилди.  

НЕРГИЗ БИРАЙ, ПАМУҚҚАЛЕ УНИВЕРСИТЕТИ ПРОФЕССОРИ:

- Туркий тилли давлатларда қатағон бўлган. Қозоқ миллати бундан энг кўп зиён кўрган. Улар орасида Ахмет Байтурсинули каби буюк шахслар бор эди. Олим сифатида бизнинг вазифамиз улар меросини келгуси авлодга етказишдан иборат. Ушбу шахс ҳаётий тамойиллари ҳақидаги ишончли маълумотларни тақдим этиш лозим.  Биз бундай одамларни туркий дунё маърифатчилари деб биламиз.  Менимча, ушбу тадбир муҳим аҳамият касб этади.  

ТУМЕН СОМУНЖУОГЛУ, ХОЖИ БАЙРАМ УНИВЕРСИТЕТИ ПРОФЕССОРИ:

 - Мазкур китоб турк китобхонларига мўлжалланган, у Ахмет Байтурсинулининг 14 та таҳлилий мақоласидан иборат. Бу ишлар  Нергиз Бирай, Гулжанат Эржиласун, Елдўс Тўқтарбай ва Зангар Каримхан сингари олимлар томонидан тўпланган. Нашрдан Алаш Ўрда вакиллари ҳақидаги нодир архив маълумотлари ҳам ўрин олган.  

Байтурсинов юбилейига аталган яна бир тадбир Алматида бўлиб ўтди. Унда олим асарлари тўплами тақдим этилди. Китоб 12 томдан иборат. Нашр устида икки йил мобайнида иш олиб борилган. Китоб уч минг нусхада чоп қилинди.

Абдумалик Сарманов таржимаси